Италияда 14 кишининг ҳаётига зомин бўлган дор йўлининг узилиб кетишига етти йилдан буён фавқулодда тормоз тизимининг ўчирилган ҳолда ҳаракатлангани сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Анса нашрига таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: EPA

Қайд этилишича, ҳалокатни ўрганаётган Вербания прокуратурасига 2014 йилдан 2018 йилгача Швейцария фуқароси Михаэль Меер томонидан олинган видеоёзувлар келиб тушди. Уларда ўша даврда ҳам дор йўли механизмида қисқичлар бўлганини кўриш мумкин.

Прокурор Олимпия Боссининг сўзларига кўра, видеоёзувлар тергов гуруҳига топширилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳалокат 23 май куни Турин провинциясидаги Стреза-Маттароне дор йўлида содир бўлган эди. Кабина узилиб, ўрмон ичига, бориш қийин бўлган жойга қулаб тушган. 15 нафар йўловчининг 13 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган. Тирик қолган болаларнинг икки нафари шифохонага етказилган ва улардан бири олинган жароҳатлар оқибатида вафот этган.

Олдинга тортилган троснинг узилиб кетиши ҳалокатга сабаб бўлган. Бундай ҳолда кабинанинг автоматик тормоз тизими ишга тушиши керак эди, лекин тизимнинг иккита элементидан камида биттаси блокланиб қолган.

Прокурорларнинг сўзларига кўра, дор йўлининг эгаси ва икки нафар ишчиси кабинанинг хавфсизлик қулфи очиқ ҳолда ишлаётганини билган. Уларнинг маълумотларига кўра, техник муаммолар туфайли уларнинг доимий фаоллашувидан сақланиш учун улар атайлаб тормоз тизимига қисқич ўрнатган.

Маълумот учун, йўл 1970 йилда очилган. Сўнгги марта у 2014—2016 йилларда тўлиқ таъмирдан чиқарилган.