Тошкентда кузатилаётган иссиқ ҳаво сабаб ер устида ҳаракатланувчи метро поездлари тезлиги чекланади, дея хабар бермоқда Тошкент метрополитени.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши натижасида, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, поездлар Тошкент ерусти ҳалқа йўлида соат 18:00 гача чегараланган тезлик (30—35 километр/соат)да ҳаракатланади.

Компания ушбу чеклов неча кун давом этиши ва куннинг қайси вақтидан бошлаб амал қилиши ҳақида маълумот бермаган.

Аввалроқ Ўзбекистонда метрода йўловчилар ташишни тартибга солувчи қонунчилик йўқлиги маълум бўлгани, Тошкентда метро поезди «Ҳамид Олимжон» бекатида тўхтаб қолгани ҳамда Тошкент метрополитени кучли шамол ерусти метро станциясининг том қопламасини учириб юборгани юзасидан маълумот бергани ҳақида хабар берилганди.