Фарғона вилоятида мактаб битирувчиларини Корея халқаро университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, департамент ҳамда ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «И.К.», «А.C.» ва «Р.С.» МЧЖ раҳбарлари ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, «Ҳ.И.» МЧЖ (тил маркази) ва Корея халқаро университети ўртасида тузилган меморандум бекор қилинган бўлса-да, «Ҳ.И.» МЧЖ билан сохта шартнома тузиб, мактаб битирувчилари ўртасида тарғибот ишларини ўтказган.
Шу орқали улар тўлов амалга оширган мактаб битирувчиларини гўёки Корея халқаро университетига имтиҳонсиз ўқишга киритиб қўйиш ва бошқа ваъдаларни бериб, 7 нафар фуқаронинг 20,5 миллион сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан аввал ТАТУнинг Самарқанд филиали бўлими бошлиғи 3 минг доллар пора билан қўлга тушгани, Тошкент ирригация институтига ўқишга киритиш учун 5 минг доллар сўраган шахс ушлангани ҳамда Бухоролик фолбин аёл алдов йўли билан фуқародан 1300 доллар пул ва моддий бойлик ундиргани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)