Боливия президенти Луис Арсе коронавирусга қарши Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмланди. Бу ҳақда Боливия ахборот агентлигига таяниб, «РБК» хабар берди.
«Мен вакцина олдим... Ишонаманки, бу аҳолига вакцинация марказларига бориб, биринчи дозани олиш учун туртки бўлади», — деб таъкидлади президент.
Шунингдек, Арсе дастлаб эмлаш даражасининг кунига ўртача 6 мингдан 8 минг кишигача бўлганини, миллий ҳукумат томонидан оммавий эмлаш пунктларининг ташкил этилгани туфайли эса кунига 52 мингдан ортиқ одамни эмлаш имконияти пайдо бўлганини эслатиб ўтди.
Маълумот учун, 2021 йилнинг 6 январь куни Россиядаги синовларнинг учинчи босқичи натижаларига асосланган ҳолда, қўшимча клиник текширувларсиз Боливияда «Спутник V» вакцинаси рўйхатдан ўтказилди. Январь ойининг охирида эса мамлакатга Россия вакцинасининг биринчи партияси олиб келинди. Ўшанда давлат раҳбари Боливияга 20 минг доза вакцина келтирилгани, лекин мамлакат жами 5,2 миллион доза вакцина олишини маълум қилган эди.
Аввалроқ Арсе «Спутник V» вакцинаси билан эмланишни режалаштираётганини айтган эди. «Президент эмланади... Бу бизнинг вакцинага бўлган ишончимизни намойиш этади», — деб хабар берган президент матбуот котиби Хорхе Рихтер.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 24 май маълумотларига кўра, Боливияда коронавирус билан касалланиш бўйича 2,1 мингта янги ҳолат рўйхатга олинди, 53 нафар бемор ҳаётдан кўз юмди. Пандемия бошидан буён деярли 350 минг киши коронавирус билан касалланди, уларнинг 13,9 мингдан ортиғи вирус қурбонига айланди.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебрейесус коронавирусга қарши эмланди. Лекин унинг қандай вакцина билан эмлангани маълум қилинмади.
Шунингдек, Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян ва унинг рафиқаси Анна Акопян коронавирусга қарши вакцина олган эди. «Бугун Анна билан коронавирусга қарши эмландик. Биз фуқароларимизни касалхоналардан фаол фойдаланишга ва эмланишга чақирамиз», — деган сиёсатчи ўзининг Facebook саҳифасида.
Германия канцлери Ангела Меркель коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинасининг биринчи дозаси билан эмланганди. Ундан олдинроқ Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозаси билан эмлангани ҳақида маълум қилинганди.
Изоҳ (0)