Рим папаси Францискнинг навбатдаги автомобили Америкада ишлаб чиқарилган Fisker электрокари бўлади. Янги «папамобил» ишлаб чиқарилаётгани ҳақда компания асосчиси Хенрик Фискер Ватиканга ташрифи давомида маълум қилган. Понтифик Ocean кроссоверининг илк нусхаларидан бирига эга бўлади, электрокарни топшириш жараёни эса 2022 йилнинг кузига режалаштирилган, деб хабар беради Motor.

Фото: Motor

Fisker Ocean электромобили Рим папаси Францискнинг гаражидаги биринчи электромобилга айланади. Понтифик учун кроссовер модернизация қилинади: католиклар черковининг раҳнамоси турган ҳолда халқ ичида ҳаракатлана олиши учун салон ўзгартирилади, том қисми баландлиги махсус шиша қубба ҳисобига оширилади.

Ҳозирча Фискер «папамобил»нинг шошилинчда ишланган рендерлари билан бўлишган ва дизайнерлар иши ҳеч қандай танқидга муносиб эмас. Умуман олганда, Fisker’да понтифик электромобили чиройли кўриниш касб этиши учун етарлича вақт бор.

Хенрик Фискернинг сўзларига кўра, папа Францискнинг электрокари ўзига хос интерьери билан ажралиб туради: салон экологик тоза материаллар билан қопланади, масалан, гиламчалар қайта ишланган материалдан бўлади.

Фискернинг маълум қилишича, уни бунга Рим папасининг атроф-муҳитга бўлган эътибори илҳомлантирган. Таъкидлаш керакки, понтифик ярим йилдан буён кундалик юмушларида Toyota Mirai водород седанидан фойдаланмоқда.