Сурхондарёда 22 май — Халқаро биохилма-хилликни асраш куни арчалар оммавий кесилди. Бу ҳақда «Ekolog.uz» Telegram каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Термизда Хайратон кўпригига яқин ҳудудда қурилаётган «Термиз карго» экспорт марказининг чап томонида Афғонистон билан савдо алоқаларини кучайтириш мақсадида катта бозор қурилмоқда.
Ўзбекистонда дарахтларни кесишга қарши мораторий жорий этилганига қарамай, ўша ҳудуддагина мавжуд бўлган арчазорлар аёвсиз кесилган.
Давлат экология қўмитаси ушбу масала Сурхондарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси назоратига олинганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 3 февралдаги фармони билан Ўзбекистонда дарахт ва буталарни кесишга ўрнатилган мораторий муддати 2021 йил охиригача узайтирилган. Шунингдек, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарима миқдори икки бараварга оширилган.
Изоҳ (0)