Андижонда беш нафар эркак дала шийпонида 18 ёшли келинни зўрлагани, келиннинг яқинлари қонунбузарларга чора кўришни сўраётгани хабар берилганди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси баёнот бериб, тегишли экспертизалар тайинлангани, терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилган эди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат бўйича қўшимча маълумотларни тақдим қилди.

«Дарё» мухбири Андижон тумани ҳокимининг Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Мавлуда Юсупова билан боғланиб, келинчакнинг бугунги кундаги ҳолати ҳақида маълумот олди.

Мавлуда Юсупова аёл ҳомиласидан айрилмаганини айтиб, ижтимоий тармоқларда келинчакнинг ҳомиласи ҳам нобуд бўлгани ҳақида хабарлар ҳақиқатга зид эканини маълум қилди.

«Ўзингизга маълум сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайиб кетгани ҳақида хабар берилмоқда. Энг ачинарлиси ҳалигача эркакларнинг аёлларга нисбатан паст назар билан қараш ҳолатлари учраб турибди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мен келинчак томондаман. Аммо мана шу воқеа ортидан етти оиланинг тақдири қил устида турибди. Нега бундай деяпман. Чунки жиноят содир қилган олти нафар эркакнинг ҳам оиласи, фарзандлари, ўтиш ёшидаги қизлари бор. Мен маслаҳатчи сифатида битта жабрланувчининг эмас, эркакларнинг оиласи билан ҳам шуғулланишга мажбурман. Шу сабабли тумандаги кучли психологларнинг олти нафарини ушбу оилаларга бириктирдик. Негаки, болаларнинг бирортасига кимдир ‘сенинг отанг бундай қилиб қўйибди’ деса уларга салбий таъсир қилиши мумкин. Натижада суицид ёки бошқа ҳолатлар юз бериши эҳтимоли кам эмас. Аёлларнинг орияти бор, ўз жонига қасд қилиб қўйиши мумкин. Жиноятчи бўлса-да, ўша эркакларнинг оиласидаги аёллар ҳам аёл эканини унутмаслигимиз лозим.

Аёлнинг ҳолати туман ҳокимлиги ва бошқа мутасаддиларнинг доимий назоратида. У ҳозирда депрессия ҳолатида. Шунинг учун айтаётган гаплари бир-бирига тўғри келмаслиги аниқ. Айни пайтда нафақат шифокорлар, балки психологлар ҳам ишламоқда.

Бир нарсани қайд этиш лозим, тармоқларда ҳомила тушгани ҳақида маълумот тарқалган эди. Аксинча, ҳомила жойида. Ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Нормал ҳолатда ривожланишда давом этмоқда. Энди фақат қизнинг психологик ҳолатини яхшилаш қолди, холос. Қиз воқеани эслаган сари депрессияга тушиб қоляпти. Иштаҳаси йўқолган. Натижада кундан кунга вазн ташлаяпти. Бу эса ҳомилага таъсир қилиши табиий. Бундан ҳавотирдамиз. Шу сабабли айни пайтда қиз ва унинг онаси алоҳида хонага жойлаштирилган. Ҳолатни шахсан ўзим доимий назорат қилиб турибман. Жиноятга келадиган бўлсак, жиноятчилар кимлар бу тергов ва суд жараёнларида аниқланидаган нарса. Буни вақт кўрсатади», — дейди Мавлуда Юсупова.

Эслатиб ўтамиз, мудҳиш ҳодиса Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олингани, вилоят ҳокимлиги мазкур жиноятни содир этган жиноятчилар ўз қилмишлари учун қонун олдида, албатта, жавоб бериши ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вазирнинг шахсий назоратига олингани, ҳозирга қадар вилоят ИИБ раҳбарияти билан воқеа тафсилотлари бўйича доимий мулоқот олиб борилаётгани таъкидланганди. Ушбу жиноят ишини ички ишлар вазири шахсан назоратга олганди.