Андижон вилоятида беш нафар эркак дала шийпонида 18 ёшли келинни зўрлагани, келиннинг яқинлари қонунбузарларга чора кўришни сўраётгани ҳақида хабарлар тарқалган, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганди. Мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди.

Фото: Видеодан кадр

Сенат матбуот хизматининг қайд этишича, 17 май куни Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрнатилган тартибда қўмитага дастлабки маълумотлар тақдим этилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Андижон вилояти ИИБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда Андижон вилоятида 5 ойлик келинчак дала шийпонида идишларни ювиш учун чиққанида спиртли ичимлик таъсирида бўлган беш киши томонидан қўл-оёғини боғлаб, зўрлангани айтилган. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси баёнот бериб, тегишли экспертизалар тайинлангани, терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этаётганини билдирган. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат бўйича қўшимча маълумотларни тақдим этиб, аёлни зўрлаганликда беш эмас, балки олти киши гумон қилинаётгани, уларнинг барчаси Андижон туманида яшашини маълум қилганди.