Cars&Bids онлайн-аукциони орқали 1995 йилда Босниядаги қуролли тўқнашувлар вақтида БМТ кучлари томонидан фойдаланилган зирҳли Land Rover Defender сотувга қўйилди. Савдолар якунланишига тўрт кун қолди, йўлтанламасга ҳозирча 20 минг доллар таклиф этилмоқда, деб хабар беради Motor.
Ушбу Defender Босния ва Герцоговинядан АҚШга 2020 йилнинг октябрида олиб келинган. Эълон остидаги изоҳда ёзилишича, автомобилнинг кузови, ост қисми зирҳланган, ўқ ўтказмайдиган ойналар ва кучайтирилган эшиклар ўрнатилган. Машина ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмагани сабаб яхши сақланиб қолган ва ҳозирга қадар 46,2 минг километр йўл босган. Машинанинг ўзи хосликларидан бири — капоти устига ўрнатилган захира ғилдираги.
Зирҳланган Defender’га 111 от кучи ҳамда 264 Нм айланувчи моментни тақдим этишга қодир 2,5 литрли 300Тdi турбодизель двигатели ўрнатилган. Агрегат беш поғонали механик узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади.
Аввалроқ Канадада Mercedes-Benz Sprinter фургони зирҳланган мобил офисга айлантирилгани, АҚШда Иордания қиролининг зирҳли лимузини катта чегирма билан сотувга қўйилгани, Зирҳланган BMW X5 Калашников автомати ўқига қарши пойгага чиққани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)