Tesla ва SpaceX компанияларининг асосчиси Илон Маскнинг бойлиги ҳафта бошидан буён 20 миллиард доллардан ортиқроққа камайиб, 145 миллиард долларгача тушди, деб ёзмоқда Forbes нашри.

Фото: AFP

9 май куни Маск NBC телеканалининг Saturday Night Live кўрсатувининг бошловчиси сифатида чиқиш қилди ва эфир вақтида Аспергер синдромидан азият чекишини тан олди.

Шоудаги иштирокигача Маскнинг бойлиги 166 миллиард еврони ташкил қилаётган эди. Forbes маълумотларига кўра, Маск Saturday Night Live кўрсатувига чақирилган энг бадавлат бошловчи ҳисобланади. 13 май кунги савдолар ёпилгач, Маскнинг бойлиги 145,5 миллиард долларни ташкил қилди. Шу билан бирга, у дунёдаги энг бой одамлар рўйхатида учинчи ўринни сақлаб қолди.

13 май куни Илон Маск Tesla автомобилларининг криптовалюта эвазига сотилиши тўхтатилаётгани ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, биткоин майнинги (биткоинлар билан транзакцияларни блокчейнга — Bitcoin билан боғлиқ барча операциялар бўйича очиқ маълумотлар базасига қайд этиш жараёни) экологик жиҳатдан зарарли бўлгани учун улар орқали янги машинага тўлов қилиш имконияти бекор қилинди. Шундан кейин биткоин ва бошқа криптовалюталарнинг курси кескин пастлади. Биткоиннинг энг юқори тушиши 15 фоизни ташкил қилди. Кейинроқ криптовалюта курси яна қисман кўтарилди.

Маълумот учун, Tesla компанияси 24 март куни ўз маҳсулотлари учун биткоинлар билан тўлаш имкониятини қўшган эди.