АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм «Xabar.uz» нашрига берган интервьюсида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов борасидаги фикрлари билан бўлишиб, мамлакатнинг икки президентини таққослади.

Фото: «Подробно»

35 йиллик иш тажрибасига эга Дэниел Розенблюмнинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев даврида мамлакатдаги баъзи нарсалар сезиларли даражада ўзгарган. Биринчи навбатда, ташқи сиёсатдаги муносабатлар. Унинг сўзларига кўра, «яхши қўшничилик биринчи ўринда» деган сиёсат бунинг яққол намунаси ҳисобланади. Ўзбекистонда қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор устувор вазифа сифатида белгиланган. Элчи яқиндагина Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегара ҳудудларини демаркация қилиш масаласи ёки икки мамлакат халқларини боғловчи янги йўлларнинг очилишини мисол қилиб келтирган.

«Яна савдо-сотиқнинг ривожланиши, мураккаб масалаларни ҳал қилиш, аввалги муаммоларни ислоҳ қилиш, чегаралараро сув муаммосини ечиш ҳам сўнгги пайтларда жадаллашди. Президент Мирзиёев шу маънода ташқи сиёсатда муҳим ўзгаришлар қилди. Ички сиёсат, иқтисод, ижтимоий соҳа, сиёсий масалаларда ҳам катта мақсадли ислоҳотларга қўл урилди.

Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодни модернизациялаштириши, фуқаролар ва ҳукумат ўртасидаги муносабатни ўзгартиришга оид ислоҳотлари ҳам эътирофга сазовордир. Унинг ‘аҳоли ҳаётини яхшилаш учун халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак’, деган гаплари ҳам менда шахсан қизиқиш уйғотди. Бу борада муносабат ва ўзаро алоқа ўзгармоқда. Албатта, бу ташаббусларнинг ҳаммаси ҳам ҳали муваффақиятли бўлмаётганини давлат раҳбарининг ўзи ҳам тан оляпти, аммо ислоҳотлар жараёни давом этмоқда. Ўзбекистон тарихидаги аввалги даврларга қараганда ўзгаришлар ана шуларда кўринади», — дея қайд этади Розенблюм.

Шунингдек, АҚШ элчиси Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг бошқарув усулини Мирзиёевники билан таққослаб ўтган.

«Унинг [Ислом Каримов назарда тутиляпти — таҳ.] бошқарув усули Президент Мирзиёевникидан бошқача эди. Каримов давридаги тузумнинг ташқи сиёсат ҳамда давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабат масаласида бошқача ёндашув мавжуд эди. Шахсан камина АҚШ ҳукумати вакили сифатида муносабатларимиз тарихида ўзаро муштарак манфаатларни ҳатто президент Каримов даврида ҳам топа олганмиз. Аммо бир қатор умумий манфаатлар ва уларни юқори босқичга кўтариш салоҳияти ўтган тўрт йил давомида сезиларли даражада ўсди», — дейди Розенблюм.

Аввалроқ Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов, унинг мамлакат мустақиллиги учун қилган ишлари ҳақида фикр билдирганди. Унинг сўзларига кўра, Каримов «барчани масофада сақлаган, ҳатто энг яқинларини ҳам».