Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 май куни макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ташкил этилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 3 фоизга, саноат 3,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,1 фоизга ўсган. Бунга давлат раҳбарининг таъкидлашича, «мураккаб пандемия шароитида, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганимиз натижасида» эришилган.
Қайд этилишича, давлат бюджети даромадлари прогнозга нисбатан 1,9 триллион сўмга (5,7 фоиз), жумладан, солиқ тушумлари 1,5 триллион сўмга (6,1 фоиз) кўпайган. Экспорт ҳажми январь—апрель ойларида 3,2 миллиард долларни (прогнозга нисбатан 17 фоизга кўп) ташкил қилди.
Шу билан бирга, 2021 йил учун режа қилинган 5,1 фоиз иқтисодий ўсиш кўрсаткичи ҳудуд ва тармоқ салоҳиятига нисбатан анча паст. «Бу кўрсаткични камида 6 фоиз бўлиши учун бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари қўшимча захираларни топиб, амалда ишга солиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)