10 май куни соат 21:30 ларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани «Убайда» МФЙ ҳудудидаги чорраҳада юк автомобили ва Lacetti иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, 21 ёшли О.Т. бошқарувидаги MAN, 23 ёшли Х.Ю. бошқарувидаги Lacetti ҳамда 22 ёшли М.Т. бошқарувида бўлган «КамАЗ» машиналари иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида ёнғин юзага келган.
ФВВ матбуот хизматининг ёзишича, ҳодиса жойига Оҳангарон туман ФВБнинг 4 та ёнғин-қутқарув гуруҳлари 21:56 да етиб борган. Ёнғин 21:58 да қуршаб олиниб, 22:08 да тўлиқ бартараф этилган. Транспорт воситаларига жиддий зарар етган.
MAN ва Lacetti ҳайдовчилари турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон туман ИИБ Тергов бўлими томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда Howo юк машинаси ағдарилиб, ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)