Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши раислигига ЎзЛиДеП депутати сайлангани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан ХДП Марказий Кенгаши расмий баёнот берди.
Маълум қилинишича, ХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси лавозимида фаолият юритаётган Бадриддин Насриевнинг ихтиёрий равишда партия аъзолигини танлаши унинг шахсий ҳуқуқи ҳисобланади.
Бадриддин Насриев 2021 йил 17 март куни раисликка сайланишидан аввал шу йилнинг февралида Халқ демократик партияси аъзолигига қабул қилинган ва тегишли аъзолик гувоҳномасини олган.
«Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг тегишли қарори билан Бадриддин Насриев ЎзЛиДеП гуруҳи аъзолигидан чиқарилган бўлиб, бугунги кунда депутат сифатидаги фаолиятини ҳам амалга ошириб келмоқда», — дейилади баёнотда.
Маълумот учун, ХДП уставининг 7,8-бандида Минтақавий партия кенгаши раиси кенгаш пленумида унинг аъзолари орасидан сайланиши белгилаб қўйилган. Минтақавий партия кенгаши раисини сайлаш тўғрисидаги қарор Партия Марказий Кенгаши ижроия қўмитаси ҳайъати томонидан тасдиқланади.