Аввалроқ АҚШдан Қорақалпоғистонга гуманитар ёрдам сифатида 3 миллион долларлик тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, сунъий нафас олдириш мосламаларини ўз ичига олган 40 футлик ўнта контейнер юборилгани, мазкур гуманитар юк Project C.U.R.E. ва Boeing билан ҳамкорликда амалга оширилгани ҳақида хабар берилган. Гуманитар ёрдам Сиэтлдан Тошкентга Uzbekistan Airways учун Boeing заводида ишлаб чиқарилган еттита сўнгги янги Dreamliner самолётидан бири орқали етказиб берилиши айтилган эди.
5 май куни ана шу самолётлардан бири Boeing-787 Dreamliner Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига келиб қўнди. Тадбирда Uzbekistan Airways раҳбарияти, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Самолёт ўт ўчирувчиларнинг машиналаридан сепилган сувли салют билан тантанали кутиб олингач, ўзбекистонлик экипаж аъзолари бирин-кетин бортдан тушиб кела бошлади. Самолёт учувчилар жамоасининг командири Руслан Алмамедов журналистларга берган интервьюсида айтишича, лайнер Boeing корпорациясининг заводи ўрин олган АҚШнинг Вашингтон штатидаги Эверетт шаҳридан тўғридан-тўғри 12 соат 20 дақиқалик парвоз билан етиб келган.
Бир ҳафта аввал олтинчи самолётни олиб келиш учун кетган эдик. Мутахассислар билан бирга барча текширувларни ўтказдик, америкалик мутахассислар билан бирга самолётни учирдик. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов иштирокида самолётни қабул қилиб олдик. Самолётимиз зўр, замонавий, 270 та ўриндиғи бор, бизнес-класс 24 та ўриндан иборат. Бортда Wi-Fi ўрнатилгани узоқ масофаларга, 12-13 соатлик йўлларда учганда қулай. Лайнер композит материаллардан тузилгани, General Аviation двигателлари қўйилгани сабабли жуда ҳам тежамкор. Ўрта Осиёда биринчи бўлиб Dreamliner ҳаво кемаларини олганимиздан ғурурланаман.Boeing 767 билан таққослаганда ушбу Dreamlinerнинг ёқилғи самарадорлиги 10 фоизга, ҳар бир йўловчига нисбатан ҳисоблаганда эса 20 фоизга етади, шовқин даражаси 60 фоизгача камайтирилган. Ташқи корпусининг 50 фоизи композит, 20 фоизи алюмин материалдан қилинган, GЕ Аviation томонидан ишлаб чиқарилган GЕnx-1B двигателлари билан таъминланган. Салони нисбатан кенгроқ, дизайни Boeing SkyInterior услубида яратилган. HEPA-фильтрлардан иборат сифатли фильтрлаш тизими ҳар 2 дақиқада салон ҳавосини тозалайди.Руслан Алмамедов, самолёт учувчилар жамоасининг командири
Uzbekistan Airways 2016 йилда Dreamliner’ларнинг тижорий эксплуатациясини бошлаган ва Boeing 787нинг Марказий Осиёдаги биринчи буюртмачисига айланган. Илк икки самолёт 2016 йилда, учинчиси 2018- йилда ва яна иккитаси 2019 йилда олиб келинган.
Маълумот учун, ҳукуматнинг тегишли қарори билан 2020 йил 16 март куни «Тўртта янги Boeing-787-8 самолётини харид қилиш» инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари тасдиқланганди. Ҳужжатга кўра, Boeing-787-8 самолётлари охирги 3 йилда Хитой давлат тараққиёт банки томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан сотиб олинган. Шунингдек, самолётлар хариди учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари, бошқа молиялар ҳам йўналтирилган. Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни Uzbekistan Airways ҳамда Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятларини трансформация қилиш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишган эди.
Бундан аввал Boeing 787 Dreamliner’ларини ишлаб чиқаришда янги нуқсон аниқлангани ҳамда иккита авиаҳалокатдан сўнг биринчи марта Boeing 737 МАХ самолёти йўловчилар билан парвоз қилгани ҳақида хабар берилган.
Мавзуга доир:
- Шавкат Мирзиёев АҚШдан олиб келинган янги Dreamliner самолётини кўздан кечирди
- Ўзбекистоннинг биринчи «Дримлайнер»и Нидерландияда кўрикдан ўтиб қайтди
- «Ўзбекистон ҳаво йўллари» 239 млн долларга Boeing 787-8 Dreamliner самолётини сотиб олди
- «Ўзбекистон ҳаво йўллари» 2020 йилгача яна 4 та Boeing 787 Dreamliner самолётига эга бўлади
Изоҳ (0)