Бухоро туманида бир гуруҳ шахслар фермер хўжаликларига «Бухоронефтбаза» МЧЖ томонидан ажратилган дизель ёқилғисини талон-торож қилгани маълум бўлди. Ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро туман бўлими томонидан ўтказилган тадбирда аниқланди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Ва 9-сонли фермерларга ёқилғи тарқатиш шохобчасида моддий жавобгар шахсларнинг ўзаро келишуви борлиги аниқланган.
Аниқланишича, келишувга эришган масъуллар ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиб, дизель ёқилғисини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли орқали ундан моддий манфаатдор бўлган. Ҳисоб-китобларга кўра, масъуллар «Бухоронефтбаза» МЧЖ томонидан ажратилган умумий қиймати 143,8 миллион сўмлик 20,7 минг литр дизель ёқилғисини талон-торож қилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
- Фарғонада салкам 80 млн сўм бюджет маблағини талон-торож қилган институт мутасаддиларига жиноят иши қўзғатилди
- Тошкент вилоятида 173 млн сўмни талон-торож қилган мактаб директорига жиноят иши қўзғатилди
- Сурхондарёда 741 млн сўмдан ортиқ бюджет маблағларини талон-торож қилган вилоят перинатал маркази мутасаддиларига жиноят иши қўзғатилди
Изоҳ (0)