Тошкент шаҳридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети кам сонли талабаларида коронавирус инфекцияси қайд этилди, дея хабар бермоқда университет матбуот хизмати.

Фото: Telegram / ЖИДУ

Қайд этилишича, касалликнинг талаба ва ўқитувчилар орасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида университетда ўқув жараёни 14 кунга масофавий (онлайн) шаклга ўтказилди.

Машғулотлар университетнинг Moodle масофавий таълим тизими орқали давом этиши маълум қилинган.

Бундан аввал Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида профессор-ўқитувчилари, талабалари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати аниқлангани сабаб дарслар 19 апрелдан масофавий шаклга ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ҳам дарслар 12 апрелдан бошлаб икки ҳафтага онлайн шаклга ўтказилди.

Шунингдек, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ҳам ўқиш коронавирус сабаб масофавий шаклга ўтказилиши ҳақида хабар берилди.

Аввалроқ Ўзбекистон давлат консерваториясининг 4 нафар ўқитувчи ва 1 нафар талабасида коронавирус аниқланиб, ОТМ масофавий таълимга ўтганди. Шунингдек, 25 март куни Тошкент молия институти ва Тошкент транспорт университети талабаларида ҳам коронавирус аниқлангани сабаб факультет талабалари масофавий таълимга ўтказилганди.

Ўзбекистон давлат консерваториясида ва Тошкент молия институтида ҳам дарслар 26 мартдан 8 апрелга қадар (14 кун) масофавий шаклга ўтказилганди. Ўзбекистон халқаро Ислом академиясида 14 кунлик карантин эълон қилиниб, ўқув жараёни 26 мартдан 6 апрелга қадар масофавий тарзда амалга оширилди.

Бундан ташқари, Тошкент транспорт университети талабасида ҳам коронавирус аниқлангани сабаб факультет талабалари масофавий таълимга ўтказилган, Тошкентдаги Инҳа университети талабасида коронавирус аниқлангани сабаб ушбу ОТМ 23 мартдан бошлаб икки ҳафта карантинга ёпилганди.