Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигида 2020 йил давомида энг кўп коррупция ҳолатлари кузатилган. Бу ҳақда агентлик масъул ходими Бекзод Раҳмонов маълум қилди.
Маълум қилинишича, халқ таълими тизимида жами 78 миллиард сўм молиявий хато ва камчиликлар, ноқонуний ўзлаштиришлар аниқланиб, қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган.
«Gazeta.uz»нинг хабар қилишича, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган 214 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган, 34 нафар масъул мансабдор эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида 16 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган ва 22 миллиард сўм бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олди олинган.
Бундан аввал Маданият вазирлиги мансабдорлари мусиқа асбобларини ҳақиқий бозор баҳосидан қарийб 800 миллион сўм қимматга сотиб олгани аниқлангани, Ўзбекистонда 108,5 миллион долларлик лойиҳа доирасида харид қилинган тиббий жиҳозлар юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Сурхондарёда 741 миллион сўмдан ортиқ бюджет маблағларини талон-торож қилган вилоят перинатал маркази мутасаддиларига жиноят иши очилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)