Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия Қироличаси Елизавета II номига шаҳзода Филипп вафоти муносабати билан ҳамдардлик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қуйида мактубнинг тўлиқ матни тақдим этилади.

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироличаси Елизавета II Ҳазрати Олияларига

Ҳазрати Олиялари!

Турмуш ўртоғингиз — Эдинбург герцоги, шаҳзода Филипп Ҳазрати Олийлари вафот этгани муносабати билан Сизга самимий таъзия ва ҳамдардлик изҳор этаман.

Буюк Британия халқи учун мусибатли бўлган ушбу дамларда Сиз учраган жудоликка қайғудошман.

Шундай оғир бир паллада Сиз, Ҳазрати Олияларига ва қироллик оиласининг барча аъзоларига сабр-тоқат ва бардамлик тилайман.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Эслатиб ўтамиз, 9 апрель куни Буюк Британия Қироличаси Елизавета II нинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп 99 ёшида вафот этди.