Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Фарғона вилояти Бешариқ туманида қайната ва қайнакасини пичоқлаб қўйган шахсга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида хабар қилинди.

Қайд этилишича, 2020 йил 20 август куни соат 13:00 ларда Ў.Н. яшаш ҳовлисида турмуш ўтоғи Ў.Ҳ. билан жанжаллашади. Шу куни 14:00 ларда Ў.Н.нинг қайнатаси М.А ва қайнакаси Ғ.А. жанжал сабабларини билиш учун унинг хонадонига келади.

«Қайнатам келди, тўғри яшайсанми, деганда мен, аввал қизингизга тарбия беринг, дедим. Шунда қайнакам аралашиб, олдин сенга тарбия бериш керак, деган вақтда жанжаллашиб кетдик. Қайнатам орқамдан ушлаб берди. Ётган жойимда кўкрак қисмимга икки марта тепгандан сўнг чидолмадим. Эмаклаб бориб, токчадаги пичоқ билан уларни жароҳатладим», – дейди айбланувчи.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, пичоқ Ғ.А.нинг қовуқ соҳа ва чап томонида қорин бўшлиғига тешиб ўтган, ички аъзоларини шикастламаган, чап сон юқори қисми ва шу соҳа мушакларини шикастлаган. Қайнатасининг фақат чап тизза соҳасига тан жароҳати етказган.

«Мен уни дўппосламаганман, унга биринчи бўлиб мушт кўтарганим йўқ. Дадамни сўкиб, дағдаға қилиб ташланган эди, кейин иложи бўлмади», – дейди айбланувчининг қайнакаси.

Ў.Н. Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «а» банди (икки ёки ундан ортиқ шахс баданига қасддан оғир шикаст етказиш) ва 105-моддаси 2-қисми «а» банди (икки ёки ундан ортиқ шахс баданига қасддан ўртача оғир шикаст етказиш) билан айбли деб топилиб, судда унинг иши кўриб чиқилди.

Айбдор қилмишидан афсусда экани, ўша куни жаҳлда кўзига ҳеч нима кўринмаганини айтди. Унинг 2 нафар фарзанди борлиги, оила бузилмаслигини инобатга олиб, қайнатаси ва қайнакаси суд залида уни кечиргани таъкидланди.

Шуларни ҳисобга олиб, судья унга нисбатан узил-кесил 3 йил 2 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинлади, ҳамда қамоқда ўтирган 7 ой 14 кун чегирилиб, 2 йил 7 ой 16 кунга озодликдан чеклаш жазоси қолдирилди ва суд залидан озод қилинди.

Бундан аввал Жиззахда эр Telegram’даги ёзишмалари сабаб хотинини бўйнидан пичоқлаб ўлдиргани, Навоийда Malibu минган фуқаро йўлда кетаётган Nexia’даги икки кишига ўқрайиб қарагани учун пичоқлангани ҳамда Чироқчида фуқаро қўшниси билан билярдхонада тортишиб қолиб, уни пичоқлаб ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар