Янгиланаётган ўзбек лотин алифбоси ва унинг атрофида кечаётган баҳс-мунозара — тегишли ҳужжат лойиҳаси бўйича расмий муҳокама 31 март куни якунига етган бўлса-да — давом этмоқда. Мутахассислар, турфа касб эгалари ва ижтимоий тармоқдаги фаоллар бу хусусда савол, таклиф ва хулосаларини эълон қилди ва қилмоқда. «Дарё» ушбу фикрларнинг айримларини жамлаб, янги мулоҳазаларга майдон ҳозирлади.
«Саводсизлик даражаси 90 фоиз бўлган 1926 йилда инқилобий қадамдан чўчишмаган, нега биз XXI асрда, саводлилик даражаси 99 фоиз эканида чўчишимиз керак?!»
Лотин ёзувида хат-саводини чиқарганлар 35 ёшга етди. Лотин ёзувида савод чиқарганларнинг фарзандлари лотин ёзувида имлони ўзлаштиришмоқда. Агар сон жиҳатдан олинадиган бўлса, лотин ёзувини мактабда ўзлаштирганлар ҳозир мутлақ кўпчиликни ташкил этишади.Мен тилшунос ёки филолог эмасман, фойдаланувчиман. Кунига 50-60 саҳифа матн ўқийман, 4-5 саҳифа матн ёзаман. Шахсан мен учун амалдаги лотин ёзувидаги матнларни ўқиш ва ёзиш ўнғайсиз, ҳисоблаб кўрганман, клавиатурада тутуқ белгиси, қўшҳарфларни излаш ва киритиш ҳисобига ўртача 20 фоиз кўпроқ вақт кетади. Таклиф этилаётган вариант менда мавжуд бўлган муаммолардан энг асосийсини бартараф этади. Шундан хурсандман.
Маркетинг тилида айтганда, замонавий дунёда фойдаланишни осонлаштириш томон юриш, фойдаланувчиларга қулайлик сотувлар ҳажмини оширади. Алифбо мисолида бу унинг фойдаланувчиларидир. Кирилл ёзувида фойдаланувчилар кўплиги — афсуски, улардан бири менман — бош сабаби ҳам шу: ундан фойдаланиш осонроқ.
Лойиҳа эълон қилингач, ҳарфларнинг шакллари-ю, янги алифбо масалалари, соддалаштириш, мураккаблаштириш муҳокамалари асосий масалани — лотин алифбосига узил-кесил ўтишни яна чўзиши, кейинга қолдириши мумкин. Менга қолса, шу йил 1 сентябрдаёқ ислоҳ қилинган янги алифбони ёппасига жорий этиш керак. Саводсизлик даражаси 90 фоиз бўлган 1926 йилда инқилобий қадамдан чўчишмаган, нега биз XXI асрда, саводлилик даражаси 99 фоиз эканида чўчишимиз керак?!
Барака топгурлар, аввал узил-кесил ўтиб олайлик, ҳеч қурса, беш йил ўзгартирмай фойдаланайлик, плюс ва минусларини ҳис этайлик, кейин таклифлар, мулоҳазалар асосида алифбомизни такомиллаштириб бораверамиз. 1926 йилда қабул қилинган алифбо 1940 йилгача адашмасам 3 марта, 1940 йилдаги кирилл алифбоси эса ҳозиргача камида 2 марта турли ўзгаришларга учраган. Бу норма. Бундан қўрқмаслик керак. Аросат даври тезроқ тугаши керак.
— Отабек Бакиров, @the_bankiroff Telegram-канали муаллифи
«Ҳозир таклиф қилинаётган вариант энг қулай»
Амалда бўлган лотин имлосига асосланган алифбомизга киритилаётган кичик ўзгаришлар лойиҳаси тақдим қилинди ҳамки, мунозаралар тинмаяпти.Мавзулар фақат ўзгараётган ҳарфлар устидагина эмас, умуман, ҳатто рус графикасига асосланган имлонинг афзалликларидан тортиб, «х» ва «ҳ»ни бирлаштиришгача чўзилиб кетаётгани мени қўрқитади. Сабаби — яна мавзу боши берк кўчага кириб қолса, мутахассислар алифбо лойиҳаси устида ишлаш учун қайтиб хоналарига кириб кетади ва яна янгиси тақдим этилгунча, кўп йиллар ўтиб кетади. Яна вақт ва имкониятни йўқотамиз.
Ўтган асрда бошлаган ишимизнинг ҳалигача охирига етмаётгани, албатта, хунук ҳолат.
Таклиф этилаётган ўзгаришдаги менга энг ёққан жиҳат — «бир товуш – бир ҳарф» принципига қайтилаётгани. Тан олиш керак, «ch», «sh» каби бирикмалар, «o‘» ва «g‘» ҳарфларидаги тескари биртирноқ ва бунга қўшимча тутуқ белгиси лотин ёзувида матн ўқишни жуда ноқулай ҳолатга келтирар, бу айниқса, кириллчада савод чиқарган авлод ёзиш ва ўқишда кириллдан воз кечмаётганининг бош сабаби эди.
Ўзим, инглизча, туркчани ўқиганман, лотин ёзувида узун конспектлар ёзган бўлсам-да, айнан ўзбек тилида ишлаганда ўша бирикмалар тилимизга бегонадек туради.
Инглиз тилида бундай ҳарфларда муаммо йўқ, уларда бир ҳарф бир товушни ифодаламайди, ҳарфлар вазиятга қараб, бир неча хил товушни ифода этади. Қисқартмаларда ҳам, масалан, Shanhai Limited Company’да «S» ва «h» билан «Ш», «C» эса ўзбекча «К» деб айтилса-да, SLC қисқартмаси — «Эс Эл Си» деб айтилиб кетаверади. Ўзбекчада қисқартирмоқчи бўлсанг, «ШЛК»ми, «СЛК»ми — доим муаммо бўлади. «ShLK» деб ҳам ёзадиганлар бор.
Назаримда, ҳозир таклиф қилинаётган вариант энг қулай. Мавжуд алифбога нисбатан афзалроқ. Кирилл ва лотин ёзувида таълим олган турли ёшдаги юртдошларимизни бирлаштира олади.
Қолаверса, бошқа туркий халқлари ёзувларига ҳам яқин. Яна бир устунлиги — янги алифбо лойиҳасида терилган матннинг ҳажми амалдаги алифбо билан ёзилган матнга қараганда 5 фоизга, кирилл алифбосида ёзилган матнга қараганда 20 фоизгача қисқа бўлар экан. Бу, табиийки, катта вақт ва маблағ тежамкорлигига сабаб бўлади.
Хуллас, ўзимизнинг ҳар хил фикрларимизни ўтказиш учун ортиқча баҳс-мунозарага киришиб кетиб, яна кўп вақт йўқотиб қўймаслигимиз лозим. Шунинг учун, эҳтиросларга берилмасдан, кўпчиликни қониқтираётган минимал ўзгаришларни қабул қилишимиз, такомиллаштирилган алифбони тезроқ жорий этишимиз керак, деб ўйлайман.
— Қаҳрамон Асланов, @iqtiboslar Telegram-канали муаллифи
«Шу лойиҳа ташаббускорлари танқид ва турли гап-сўзларга қарамай, қатъият кўрсатишларини хоҳлайман»
Алифбо ислоҳотини тўлиқ, ҳа, тўлиқ қўллаб-қувватлайман! Алифбо расман ўзгарган куниёқ каналимда ва барча жойда янги алифбода ёзишни бошлайман ҳамда кирилл ёзувидан бутунлай воз кечаман. Янги таклиф этилаётган алифбо ҳам айрим кичик жиҳатларини инобатга олмаса, менга маъқул!Шу лойиҳа ташаббускорлари танқид ва турли гап-сўзларга қарамай, қатъият кўрсатишларини хоҳлайман. Ҳукумат ва юқоридаги масъуллардан ҳам шунчаки омма фикрини эмас, кўпроқ мутахассислар нуқтаи назарини эшитишларини ва уларга қулоқ солишларини, алифбони ислоҳ қилишларини сўраб қоламан.
— Хушнудбек Худойбердиев, @xushnudbek Telegram-канали муаллифи
«Мен ‘нг’ ҳарфий бирикмасини алифбодан олиб ташланиши тарафдориман»
Янгиланган алифбо ҳақида кўпчилик фикримни сўради, қуйида уларни имкон қадар содда ва қисқа равишда баён қилишга ҳаракат қиламан.Ўзи керакмиди?
Керак эди, лекин анча йил аввал амалга оширилиши керак эди. Нима учун шунча йил давомида лотин алифбосига тўлиқ ўта олмадик? Бунга ундаги камчиликлар ва ноқулайликлар сабаб бўлаётганди. Бир ҳарфни тўғри териш учун олтитагача тугма босишга тўғри келаётганди. Вақтдан ютиш мақсадида одамлар ўзларига қулайлик ярата бошлади. Натижада «o‘» ҳарфини «6», «sh» ҳарфини «w», «ch» ҳарфини «4» сони билан ёзадиган авлод пайдо бўлди. Бунинг асосий сабаби — бир ҳарфни бир тугма билан эмас, бир неча тугма билан ёзилиши бўлди.
Имло қоидалари ҳам анча ислоҳотларга муҳтож. Янги имло қоидаларини ишлаб чиқишдан аввал эса алифбони ислоҳ қилиб олиш лозим. Бусиз барча уринишлар фойдасиз бўлади. 28 йиллик тажриба шуни кўрсатяпти.
Бошқа қиладиган иш йўқмиди? Қанча-қанча муаммоларимиз бор!
Таълим алифбодан бошланади. Бу тараққиётни жуда чўққига чиқариб юбормаса ҳам, одамларни бир зумда олим қилиб қўймаса ҳам, таълим тизимига билвосита ижобий таъсир кўрсатиши аниқ.
Бу сиёсий кучлар таъсирими?
Бу ислоҳотни сиёсатга боғлаш тўғри эмас. 4 та ҳарфни ўзгартириб биз ҳеч қайси давлатга қарам бўлиб қолаётганимиз йўқ.
Турклардан олиб ўзлаштириб қўйдикми?
Йўқ. Туркий тилли давлатлар алифболари ўрганилган ва шу асосда янгилик киритилган. «Ş» ва «Ç» ҳарфларини турклардан олинди дейиш ҳам хато. Бирор давлат у ёки бошқа ҳарфни ўз алифбосида ишлатса, у айнан шу давлатга тегишли ҳарф бўлиб қолмайди. Бундан ташқари, юқоридаги ҳарфларни фақатгина Туркия ишлатмайди ва Туркия ҳам кимлардандир олган:
— «Ç» белгиси илк бор эски испан ёзувида ишлатилган ва XVIII асргача муомалада бўлган. Туркия эса уни 1929 йилда — араб ёзувидан лотин ёзувига ўтиш пайтида ўзлаштирган.
— «Ş» белгиси илк бор 1860 йилда Руминия ёзувида ишлатилган. Ўшанда Руминия эски румин кириллчасидан лотин алифбосига ўтган. Ҳозир бу ҳарфларни турклардан ташқари яна ўнлаб давлатлар ўз ёзувларида ишлатади.
Энди саводсиз бўлиб қоламизми?
Саводсизлар саводсизлигича қолаверади. Биз ҳар нарсадан фожиа ясашни хуш кўрамиз-да. Мутлақо янги алифбо яратилмади-ку. Мавжуд 4 та ҳарфнинг шакли ўзгартирилди. Шу боис саводсизлик даражаси ошиши ҳақидаги гаплар пуч ва асоссиз.
Лотинда ўқишни билган одам, агар хотирасида жиддий муаммо бўлмаса, тўртта ҳарфни ёдда сақлаб қолиши муаммо бўлмас. Агар лотин алифбосини ҳали ўрганмаган бўлса, энди бемалол ўрганаверсин. Кўринишидан туркча матнга ўхшаса ҳам. Мажбурликдан бўлса ҳам. Ноқулай бўлса ҳам.
Ҳали лотин алифбосига тўлиқ ўтиб улгурмаган эдик, яна ўзгартиришнинг нима кераги бор?
Айнан лотин алифбосига тўлиқ ўтмаганимиз учун, тўғрироғи ўта олмаганимиз учун ҳам бу ишни қилиш керак эди. Биз вақтдан анча ютқазиб қўйдик ва бу нарса бизнинг энг оғриқли мавзумизга айланиб улгурди. Лекин буни кейинга суравериш ҳам ярамасди.
Китобларни қайта нашр қилиш учун катта маблағ кетади-ку?!
Мен иқтисодчи ёки молиячи эмасман. Лекин бу ислоҳот нуқсонли лотин алифбосидан фойдаланиб юришдан кўра кўпроқ фойда келтиради, молиявий жиҳатдан ўзини оқламаса ҳам, маънавий жиҳатдан оқлайди, деган умидларим бор.
Клавиатураларимизда бу белгилар йўқ-ку, қаердан олиб ёзамиз?
Тўғри, компьютердаги инглиз тили клавиатураси (раскладкаси)да бу белгилар йўқ. Лекин қонун қабул қилинса, барча операцион тизимлар учун янги раскладкалар ишлаб чиқилади. Ўшанда компьютер ёки телефонингизга лотин алифбосига асосланган янги ўзбек тили клавиатурасини бир марта қўшиб қўясиз-да, ҳар бир ҳарфни биргина тугма билан тераверасиз.
Таклифларим
- Мен «нг» ҳарфий бирикмасини алифбодан олиб ташланиши тарафдориман. Бу ҳақда Хушнудбек Худойбердиев икки йил аввал яхши мақола ёзган. Бирикманинг нутқда оз бўлса-да ўрни бор, лекин унинг алифбодан олиниши нутқда ҳам ўрнини йўқотишини билдирмайди.
- Ҳозирда тутуқ белгиси (апостроф) ичи бўялган 9 сонига ўхшайди — (’). Лекин амалда унинг техник шакли кўп ишлатилади — ('). Янги имло қоидаларига тутуқ белгиси сифатида икки шаклини ҳам ишлатиш мумкин деган қоида киритилиши муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар учун улкан ёрдам бўлади.
- «Ō» ва «Ḡ» ҳарфларининг устидаги белгисини танлашда нималарга таянилгани, нега айнан шу белги танлангани менга ҳам қизиқ. Бунда дастурчиларнинг ҳам фикри инобатга олинган, деган умиддаман. Ҳозирги ахборот технологиялари замонида қўлда эмас, балки компьютерда ёзишда муаммолар бўлмаслигига кўпроқ эътибор қаратиш керак.
— Абдуазим Рустамхўжаев, «Тўғри ёзамиз» Телергам-канали муаллифи
«Бу версия қабул қилинмаслиги тарафдориман»
Таклиф этилаётган таҳрирланган ўзбек лотин алифбоси ҳақидаги фикримни сўрашяпти. Қайта-қайта. Дўстлар! Бу – ўша биз бир замонлар муҳокама қилган лойиҳа. Ўзгариш, янгилик йўқ. Яна эски фикрларни такрорлашдан нима фойда?Асосий ўзгариш – «ғ», «ў» товушларини ифодалашда ишлатилган тескари апостроф йўқ қилиняпти. «Ц» товушини ифодаловчи «c» ҳарфи ҳам таклиф этилганди, якуний версиядан ўрин олмабди. Ўрин олмагани яхши. «C» ҳарфини киритишга асосий мотив «sex» («цех») сўзининг ёзилишини ўзгартириш эди. Алифбо ишланмаларида қатнашганлар буни ошкора тан олмаса ҳам, бу борада менда инсайд бор. Бир сўзнинг бошқа тил алифбосида «ножўя» ўқилиши туфайли (аслида ножўя ҳам эмас, ўзбек тилини цензуралашни бас қилиш керак) ўз алифбойингга бутун бошли ҳарф киритиш катта аҳмоқлик бўларди. Қолаверса, жорий лотин алифбосида алоҳида ҳарф билан ифодаланмайдиган «ц» товуши аллақачон кенг истеъмолдан чиқиб кетган.
Умуман, киритилаётган ўзгаришлар маънили, асосли. Лекин, шунга қарамай, бу версия қабул қилинмаслиги тарафдориман. Чунки ўзбек алифбоси бундан сўнг ҳам ҳали яна бир неча ислоҳот ва таҳрирни бошдан кечиришига ишончим комил. У бугунги ҳолатида мукаммал эмас ва келажакда муқаррар саволлар туғилади, муаммолар келиб чиқади, яна навбатдаги ислоҳотлар талаби вужудга келади. Ё бирдан максимал мукаммал алифбони истеъмолга киритиш керак, ё яхши кунлар келгунча, керакли савиядаги мутахассислар етишиб чиққунча, зиёлилар орасида консенсусга эришилгунча ҳозирги алифбодан фойдаланиб туриш керак — аслида бугунги алифбо ҳам функционал томондан ёмон эмас, ҳарқалай, инглиз клавиатурасидан фойдаланишни максимал даражада осонлаштиради, янги клавиатура ишлаб чиқишни талаб қилмайди. Ҳар авлодда алифбони ислоҳ қилавериш бетайинлик дейилади, дўстлар.
Баҳонада яна бир саволга жавоб бериб кетай: «қачон сиз лотин ҳарфларида ёзишни бошлайсиз?» деб сўрашади. Шуни эслатиб ўтишим керакки, мен ҳеч қачон бир нарсани мажбурлаб жорий этиш тарафдори бўлмаганман. Ҳамма ўзига қулай ишни қилиши керак. Мен ҳам ҳозирча ўзимга қулайроқ ва лотин алифбосидан нисбатан мукаммалроқ бўлган кириллчадан фойдаланиб турибман.
Икки ҳолатда лотин ёзувига ўтаман:
- қонунан лотин алифбоси қонун ва анъанага кўра мажбурийга айланса;
- мен мукаммал ҳисоблайдиган алифбо ишлаб чиқилиб, истеъмолга киритилса.
- «ş», «ç», «ƞ» ҳарфларини киритиш;
- унлилар сингармонизмини қайтариш, «ö», «ü», «ı», «ä» ҳарфларини киритиш;
- ўзбек орфографияси ва орфоэпиясини рус тили таъсир доирасидан олиб чиқиш — ўзлашмалар рус тили орқали олинишини тўхтатиш, ўзлашмаларни русчалаштириш эмас, ўзбекчалаштириш.
«Маиший истеъмол ва енгилликка берилиш алифбони қисқартириш билан чекланмайди, аксинча, айнан шу ёндашув тилнинг ўлимини тезлаштиради, деб қўрқаман»
Тил ҳақида бир идеалистик ғоя бор. Унга кўра, тиллар мукаммал ҳолатда олийроқ оламдан инсониятга инъом қилинган бўлиб, даврлар мобайнида улар турли кўринишларга ўтиб боради ва бу ўзгариш асосан тилларнинг таназзулини англатади.Ўзбек тили ва унинг янги алифбоси борасида бўлаётган баҳсларни кузатар эканман, фикр билдирувчилардан қизиқ бир иддаони қайд қиляпман: «имлони одамлар истеъмолига мослаштириш керак, яъни маиший истеъмолда тутуқ талаффузга чиқмайди, шунинг учун ундан воз кечиш керак, ҳамда ‘ҳ’ ва ‘х’лар фарқига борилмайди, демакки, уларнинг ёзувини ҳам тўхтатиш керак».
Фикримча, маиший истеъмол номи билан тилнинг устидан ҳукм ўқиляпти. Яна бир иддао: «ёзув қанчалик соддалашса, саводхонлик шунча осонлашади».
Демак, иккинчи зарба «соддалаштириш» ва «осон қилиш», гўёки одамларимиз онги тилга хос мураккабликларини кўтара олмай саводи оқсаб қолади, деган қарашдан иборат. Саводхонликни бунча содда тушунмасак!
Маиший истеъмол ва енгилликка берилиш алифбони қисқартириш билан чекланмайди, аксинча, айнан шу ёндашув тилнинг ўлимини тезлаштиради, деб қўрқаман.
Авваламбор, инсоннинг тилини ахборот алмашиш воситаси, деб тушунмаслигимиз керак эди. Яшаб қолиш учун зарур ахборот билан алмашиш ҳайвонот оламида ва ҳатто ўсимликлар орасида учрайди. Инсон тилининг асосий хусусияти бу тафаккур ва дид ҳисси ифодаси бўлиш эди. Мукаммал тил мураккаб тафаккур ва гўзал баён билан уйғунликда кўринади. Унинг камолоти зиё аҳли ҳимоясида бўлиши керак эди. Авом ўзининг моддий ҳаёти босими остида тилни беихтиёр бузади, қашшоқлаштиради, мураккаб шакллардан фойдаланишга вақти, қурби, хоҳиши етмайди.
«Авом» деганимда баланд димоғлик (снобизм) иллати бор, деб ўйламаслигингизни истардим. Ўзим худди ўша авомданман ва авом тилида шу фикрларимни ёзяпман, чунки бошқасини билмайман. Бозордаги аравакаш бола билан менинг онгим, тилимда катта фарқ йўқ. Аммо мен ўша аравакаш бола билан биргаликда юқорироқ зиё аҳли борлиги, уларнинг ўзига хос тили, ақли, диди борлигига ишонгимиз ва бироз бўлса-да уларнинг зиёсидан руҳий озуқа олгимиз келарди...
Лекин бизга айтишяптики, «сизларнинг маиший тилларингиз – асл тил ва бундан бошқаси йўқ». Бор эди-ку?! Ўлганми? Маиший онгимиздан ташқари олийроқ ақл, нозик дидли тафаккур ҳам йўқми? Борини ўлдирамизми? Шошманглар... Ҳукм ижро қилинмасидан яна бир ўйлаб кўрайлик!
Эътироз бўлиши мумкин: «бу идеалистик ғоянг сафсата, тил моддий қонуниятлар асосида ривожланади ва асосий тамал тош — бу омманинг маиший истеъмоли; алифбо таркиби ва тафаккур мураккаблиги ўртасида боғлиқлик йўқ» ва бунга у бир қатор илмий далиллар келтириб беради. Буларга қарши илмий шаклдаги раддияларим йўқ. Тан оламан.
Аммо ичимда нимадир тинчлик бермаётибди. Моддий талқин ҳиди димоғимга қўланса бўлиб киряпти. Мен бу туйғуни авом фикрига ўраб, авом тилим билан ифода қилишга қийналяпман. Эҳтимол орамиздаги зиё эгалари буни яхши тушунар. Нима бўлганда ҳам тилнинг ўлими, тафаккур заифлашуви тилда кўриниши ва тўғри талаффузни алифбода сақлаш ҳақида фикрларим билан бўлишишни давом этаман. Бундан нима чиқади, кўрамиз.
Нозик дидли чуқур тафаккур
«Федералист» мақолаларидан бирини (XVIII аср охири америкалик сиёсий мутафаккирлари мунозараси учун ёзилган газета мақолалари) таржима қилиб кўрмоқчи бўлдим. Ундаги жумлаларнинг мураккаблиги мени лол қолдирди. Ундаги сўзлар, иборалар нотаниш эмас ва асосий мазмуни тушунарсиз ҳам эмасди. Мураккаблик деганда бир гапнинг ўзида серқатлам, чуқур маъноли ва кенг уфқли эканини назарда тутяпман. Ҳаваскор таржимага қийналишимдан эса фикрий баёнда ниҳоятда ожизлигимни аниқ англадим. Албатта, бу ўзбек тилининг айби эмас, менинг маиший тилим қусурлигидан деб биламан ва ўтган аср адиб, таржимонларимиз бу ишни маромига етказишганига ишонаман. Аммо шундай қилиб ёза оладиганлар яна бормикан? Ҳозирги америкалик ва британ сиёсатчилари нутқларини эшитар экансиз, ўша федералистлардан узоққа кетиб, ниҳоятда авомлашиб қолганини кўриш мумкин.
Уларнинг матнлари мазмунан саёзлиги, луғавий қашшоқлигини кўриш учун тилшунос бўлиш шарт эмас, ўзларининг ҳамкасб аждодлари нутқлари ва ёзган матнлари билан солиштириш кифоя. Бу бир мисол холос. Тафаккур ва тил примитивлашуви деярли барча халқларда кузатилади. Фақат негадир бизда бу жараённи тезлатишга киришилгандек кўриняпти.
Ўзбек тилида тафаккур саёзлашиб кетганини мумтоз меросни қийналиб, минг азоб билан тушунаётганимиздан ҳам билса бўлади. Узоққа ҳам бормайлик, тил ифодаси ҳақида гап борса, ўтган асрда қўйилган фильмлар ва театр саҳналаридан архив тасмаларини кўрганда талаффуз, оҳанг, нутқ оқими гўзаллигидан дид завқини наҳот ҳис қилмасак? Ўзбек товушлари худди алифбо белгилари билан ҳамоҳанг чиққани наҳот бир туш бўлса? Нега ҳеч бўлмаса тилни ўша даражада ушлаб тура олмаётибмиз?
Талаффуз қўриқчилари
«Ҳ» ва «х» ҳарфларини ажратиб сақлаш ёки бирлаштириш ҳақида баҳс бўлганда қайта эслатилаётган ўзбек тилига хос унли товушларнинг ҳаммаси ҳам араб, кирилл ва лотин алифболарида йўқлигини айтишади, демак х-ларни бирлаштириб юборишда зарар йўқ дейишади. Бу эътирозга кенгроқ жавоб беришга тўғри келади ва жавобни парадокс фикр билан бошлайман.
Имло мукаммал тил учун хатарга эга, чунки у тил иллюзиясини бериши мумкин. Тилни маиший мақсадларга бўйсундириш мақсадида ёзув шаклланган деб ҳисоблайман. Қадимда баён қилиш санъати ва баён қилинаётган мерос асосан устоздан шогирдга, айтувчидан эшитувчига оғзаки улашилган. Белгилар орқали баён муҳрлана бошланганда ҳам энг асосий эътибор оғзаки етказиш ва ёдда сақлашга бўлган. Қадимги санскрит эпослари, мадҳиялари узоқ вақт оғзаки сақланган, уларнинг ёзила бошланиши анча кеч бошланган ва ўз аҳлида бу ҳақда турли хавотирга ҳам сабаб бўлган. Қуръоннинг илк ёзувларига қарасангиз ҳозир ишлатиб келинаётган ундош ҳарф нуқталари ва қисқа унли товуш белгиларини кўрмайсиз, ундаги ҳарфлар асосан қорий (тиловатчи) учун ўзини текшириб тура олиш учун восита бўлган. Асосий иш ҳофизлар (сақловчилар)нинг оғзаки етказишда бўлган. Мнемоника (хотирада катта ҳажмдаги ахборотни сақлаш) санъати бугунга келиб ёзув маданияти ривожланиши жараёнида кўп халқларда йўқолиб кетган.
Оғзаки етказиш маданияти кучли бўлган шароитда ҳарфлар тизимини бойитишга эҳтиёж бўлмаган, шунинг учун ҳам кўпгина туркий товушлар ўзининг чизма шаклига эга бўлмаган. Бўлмаса араб имлоси туркий тилларга қўлланганда бемалол нуқталар, чизиқчалар ва ҳарф белгиларини киритиш қийин иш эмас эди. Ғазалхонлик йиғинлари, илмий баҳслар, бахшилар ижроси жамиятда ўзининг баланд ўрни, тилнинг тўғри ифодаси узоқ сақланишига сабаб бўлган.
Ҳозирги вақтда юқори дидли ижро, нутқдан халқимиз анча узоқлашиб қолган. Бу узоқлашув асосан примитив санъат, «шаллақи блоггеризм», «копирайтинг» оммавий истеъмолидан деб биламан. Бу воқеликни Акром Маликнинг YouTube’даги Алишер Навоий асарларинг «тилсими»ни ечиб бераётган видео материаллари қанча кўрилганлик сонини (просмотр) йиғаётганидан билса бўлади. Бошқа кўп мисолларни келтириш мумкин. Бундай вазиятда қайси алифбо қўлланилмасин, тўғри талаффузни сақлаш учун алифбони бойитишга зарурат туғилади: янги алифбога мавжуд ҳарфларни сақлаб, унга етишмаётган ҳарфларни киритиш зарур эди.
Таклифлар
Албатта, алифбони бойитиш зарурий чора бўлиб, уни етарли деб бўлмайди. Мен тўлақонли дастур таклиф қила олмайман, аммо баъзи фикрларим билан бўлишишни маъқул кўраман:
Биринчидан, тилни сақлаш ва бойитишда маиший истеъмол аргументига мутлақ устунлик бермаслик керак.
Иккинчидан, «асл саводхонлик нима? Саводхонлик имлони тез ўзлаштира олиш билан белгиланадими?» деган саволларга асосли жавоб шакллантиришимиз керак.
Янги алифбони ўзлаштириш, эски алифбо билан битилган китобларни ўқишга ўрганиш қийин, деган гап инсон мияси имкониятлари ҳақида нотўғри тасаввурдан келиб чиқаётганини англаш. Молиявий харажатлар ҳақидаги аргумент ҳам муҳокамага арзимайди. Алифбо жорий қилингач, вақт давомида жамиятда керакли кўникмалар ҳосил бўлади ва бу ишда изчиллик сақлашда сиёсий ирода раҳбарлар ва зиёли қатламда сақланса бас.
Учинчидан, адабиёт ва тил жонкуяр мутахассислари ижтимоий тармоқ воситаларида фаолликни оширишлари ва муҳим, илмий-адабий контент билан тўлдириб боришлари зарур.
Бу ишда фақат омма истеъмол кўникмаларига жуда катта итоатда бўлиб юбормаслик керак. Асосий мақсад тилнинг гўзалликларини очиб бериш, бадиий мерос билан чуқур таништириш бўлиши ва шу иш орқали шогирдлар топиш бўлиши керак. Шогирд бу шундай фидоий ёшки, у ўз кучини мукаммал тилни ўзлаштириш, сақлаш ва кейингиларга етказишга бағишлайди. Шогирд топилиши бу ноёб ҳодиса, унинг рўй бериши учун вақт ва жуда кўп ишлаш керак. Янги авлод зиё аҳли нафақат Ватанда, балки хорижга кўчиб ўтган миллионлаб оилалардан чиқиб қолиши мумкин. Шундай вақт келади, ёш қалб ўзлигини ва тарихий ўзлигини англашни истаб қолади... ва ўз меросини топганда унга муҳаббатли бўлади...
Тўртинчидан, тил учун қандайдир андоза асар ёки асарлар туғилишини кузатиш керак.
Бу ҳам ўзига хос ҳодиса. Унинг рўй бериши учун ижодий уринишларнинг критик массаси керак. Лекин буни ҳеч ким кафолатлай олмайди. Шунинг учун илож ҳаракат ва умидда бўляпти. Инглизларда Шекспир асарлари, русларда Пушкин, арабларда эса Қуръон бор (албатта, Қуръон барча мусулмонларнинг муқаддас китоби, бутун инсониятга Аллоҳдан нозил бўлган хитоблардан иборат бўлиб, унинг яна бир ажойиб тарафи — мумтоз ва замонавий араб тили учун андоза, мезон бўлиб келмоқда). Ўзбек тили учун ҳам шундай адабий артефакт керак. Хамса, албатта, буюк мерос, лекин биз ундан ниҳоятда узоқлашиб, пастга тушиб кетганмиз. Эҳтимол янги Хамса ёки хамсалар керакдир?
Бешинчидан, ўзингиз давом этинг, қандай ғоя-таклиф бера оласиз?
— Жамшид Муслимов, @subnazar Telegram-канали муаллифи
Мавзуга доир:
- Лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбоси ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди
- Муросанинг калити ечимда: алифбо ҳаммага қулай бўлсин!
- «Алифбо минтақавий интеграцияга хизмат қилиши керак». Ғайбулла Бобоёров таклиф этилаётган янги лотин алифбоси ҳақида
- «Ўзбек тилида битта товушни англатувчи ҳарфлар учун иккита ҳарф белгиланган. Бу ҳеч бир туркий давлатлар амалиётида йўқ» — Департамент алифбодаги ўзгаришларга муносабат билдирди
- Ўзбек алифбосининг уч олтин қоидаси. Фарҳод Мақсудов таклиф этилаётган янги лотин алифбоси ҳақида
- «Тўрт ҳарф ўзгаришини миллат тинчлигини бузиш деб баҳолаш тўғримикан?». Адлия вазири маслаҳатчиси лотин алифбосидаги ислоҳотларга қарши чиққан тилшуносга жавоб қайтарди
- «Хатони тузатиш хатодан қимматга тушмаслиги керак». Тилшунос Бахтиёр Менглиев лотин алифбосидаги ислоҳотларга қарши чиқди
Изоҳ (0)