АҚШ Иордания расмий ҳукуматини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва қирол Абдулла II ни ўзининг асосий шериги деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Иорданияда қиролни тахтдан ағдармоқчи бўлган одамлар қўлга олингани ҳақидаги хабарлардан кейин АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Нед Прайс Twitter’да маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Абдулла II

Фото: Getty Images

«Биз Иорданиядан келаётган хабарларни диққат билан кузатиб боряпмиз ва иорданиялик расмий шахслар билан алоқада бўлиб турибмиз. Қирол Абдулла — АҚШнинг асосий шериги ва биз уни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», — деб ёзди у.

Бирлашган Араб Амирликлари президент ишлари вазирлиги ҳам қирол Абдулла ва валиаҳд шаҳзода томонидан Иордания хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлаш борасидаги барча қарор ва чораларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Саудия Арабистони ҳам қирол Абдулла II ни қўллаб-қувватлашини  маълум қилди. Мамлакат ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал ибн Фархон ас-Сауд Иорданиянинг барқарорлиги ва гуллаб-яшнаши «бутун минтақа барқарорлиги ва гуллаб-яшнаши учун асос» ҳисобланишини айтиб, уни «қатъий ва мустаҳкам» қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, Кувайт, Баҳрайн, Қатар, Миср, Ливан, Ироқ, Яман, Фаластин, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Араб давлатлари лигаси ҳам Иордания қироли билан бирдамлигини маълум қилди.

Аввалроқ Иордания ҳукумати «мамлакат барқарорлигига таҳдид» суриштируви доирасида қироллик собиқ валиаҳд шаҳзодаси ва яна 20 га яқин одамни ҳибсга олгани хабар берилган эди. Марҳум қирол Ҳусайн ва унинг тўртинчи рафиқасининг тўнғич ўғли шаҳзода Ҳамза ибн Ҳусайн Аммондаги ўз саройида уй қамоғига жойлаштирилган. Қироллик ҳукумати унинг ўз ўгай акаси қирол Абдулла II ни тахтдан ағдариш мақсадидаги эҳтимолий фитнасини текширмоқда. Petra ахборот агентлиги хабаридан ҳибсга олинган икки кишининг исми маълум бўлди, булар қироллик оиласининг собиқ аъзоси Шариф Ҳасан ибн Зайд ҳамда Қирол Абдулла II нинг собиқ маслаҳатчиси, собиқ молия вазири Басем Иброҳим Авадалладир.