Танзанияда Daily News газетасининг бир қатор ходимлари давлат раҳбарининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик материали нашр этгани учун ишдан четлатилди. Ушбу материалда адашиб амалдаги президент Самия Сулуху Ҳассаннинг исми кўрсатилган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Tanzania Standard Newspapers (TSN) ноширлик компаниясининг маълумотларига кўра, нашриёт ходимлари ишдан бўшатилди, чунки улар Ҳассаннинг инаугурациясига бағишланган табрикнома бўлиши керак бўлган реклама материалини «кўрмаган ва тўғриламаган». Лекин ғарб ОАВ маълумотлари ва нашрнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларига кўра, хабарда Ҳассаннинг «вафоти муносабати билан таъзия» ва унинг яқинда бўлиб ўтган инаугурацияси ҳақидаги маълумотлар берилган.
«2021 йилнинг 29 мартидан бошлаб компания газеталарида эълон қилинган реклама сифатининг назоратини таъминлашда уларнинг хатоси аниқлангунига қадар TSN раҳбарияти реклама бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Анита Шайо, қабулхона ва мижозларга хизмат кўрсатиш хизмати раҳбари Ражаб Жума Муҳаммадни ишдан четлатди. Шунингдек, раҳбарият штатдан ташқари савдо ходими Ламек Семсон билан ҳам шартномани бекор қилади», — дейилади компаниянинг Twitter саҳифасида.
Аввалги давлат раҳбари Жон Магуфули вафотидан кейин Самия Сулуху Ҳассан 19 март куни Танзаниянинг олтинчи президенти сифатида қасамёд қабул қилди.
Аввалроқ Танзания президенти Жон Магуфули билан видолашиш маросимида юзага келган оломон тиқилинчи оқибатида 45 киши ҳалок бўлиб, 37 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берилган эди.
Жон Магуфули 61 ёшида вафот этди. Аввалроқ Танзания мухолифати раҳбари Тунду Лиссу президентнинг коронавирус билан касаллангани ва қўшни давлат Кенияда касалхонага ётқизилгани ҳақида айтганди. Аммо президент ўлимининг расмий сабаби сифатида юрак билан боғлиқ муаммолари келтирилди.
Изоҳ (0)