Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков «қанақа вакцина бўлса ҳам жон деб эмланишини» айтди. Бу ҳақда у Тошкент халқаро аэропортига Хитойдан келтирилган Хитой—Ўзбекистон ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини қабул қилиб олиш жараёнида иштирок этган вақтида «Халқ сўзи online»га маълум қилган.

Фото: «Халқ сўзи online»

Шунингдек, коронавирусга аввал чалинган-чалинмаганидан қатъи назар ҳамма эмланишини айтиб ўтган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Хитой ва Ўзбекистон олимлари ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланишга қарор қилганини билдирган. «Ўрганиш ва клиник синов натижаларидан келиб чиқиб, мен ҳам Хитой ва Ўзбекистон олимлари ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланаман, деган қарорга келдим», — деган у.

Эслатиб ўтамиз, Хитой компанияси мазкур вакцинани ҳамкорликда ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир қатор фармацевтика корхоналари фаолиятини ўрганиб, лаборатория ҳамда техник ва ишлаб чиқариш қувватларини инобатга олиб, Jurabek Laboratories МЧЖ қўшма корхонасини танлаган. Ушбу вакцина 1 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

1 миллион дозадаги Хитой—Ўзбекистон ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси Хитойдан Тошкент халқаро аэропортига 27 март куни олиб келинди.  «Халқ сўзи»нинг ёзишича, вакцинанинг Ўзбекистонга олиб келиниши ва синовларида бош-қош бўлган инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ушбу вакцинанинг нархи ҳали аниқ эмаслигини айтган.

«Нархлари ҳали аниқ эмас. Сабаби унинг нархлари очиқланмаган, ҳозирча. Биз бу вакцинанинг ишлаб чиқарилишидаги маълум қийматини тўлаб бердик. Ўзбекистон аҳолисига текин бўлади», — деган у.

Маълумот учун, ZF-UZ-VAC2001 Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилган, Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир. Уни яратишда коронавирус ташқи оқсили биотехнологик усул билан синтезланиб олинган бўлиб, организмга юборилганда оқсилга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади. Бундай вакциналар бошқа турдаги вакциналар билан солиштирганда энг юқори хавфсизлик профилига эга ҳисобланади.