Ўзбекистон халқаро Ислом академиясида 14 кунлик карантин эълон қилинди. 26 мартдан 6 апрелга қадар ўқув жараёни масофавий таълимга ўтказилди, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати.

Аввалроқ Ўзбекистон давлат консерваториясининг 4 нафар ўқитувчи ва 1 нафар талабасида коронавирус аниқлангани ва ОТМ масофавий таълимга ўтгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, 25 март куни Тошкент молия институти ва Тошкент транспорт университети талабаларида ҳам коронавирус аниқлангани сабаб факультет талабалари масофавий таълимга ўтказилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 25 март, пайшанба куни 144 кишида коронавирус инфекцияси тасдиқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бу 2021 йилдаги янги антирекорддир.

Ўзбекистонда март ойидан бошлаб коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна кўпая бошлагани муносабати билан бир қатор таълим муассасалари вақтинча ёпилди ёки таълимни масофавий шаклга ўтказди. 1 апрелдан оммавий тадбирларни ўтказишга айрим чекловлар ўрнатилмоқда.