Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг АҚШ доллари сўраган институт кафедра мудири қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ИИББнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Чирчиқ давлат педагогика институтининг А.Н. исмли кафедра мудири фуқаро У.га уни ушбу институтнинг жисмоний тарбия факультети сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйишни ваъда берган. Бунинг эвазига у 4 минг доллар талаб қилган.
А.Н. келишилган сумманинг 2 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Н. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қўқон давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 3 минг доллар олган деканга суд ҳукми ўқилгани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
- Қашқадарёда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 22 кишини 22,5 минг долларга чув туширган фирибгарлар ушланди
- Самарқандда ҳарбий олийгоҳлар ва Темурбеклар мактабига ўқишга киритишини айтиб, фуқаролардан қарийб 10 500 доллар пул олган аёл қўлга олинди
- Сирдарёда фуқарони Чимкентдаги университетга 2700 доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди
Изоҳ (0)