Ўзбекистонда 2021 йил якунига қадар 1 триллион сўм эвазига 4 минг километрдан ортиқ сув тармоқлари тортилиб, 500 та маҳаллага тоза ичимлик суви етказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини 2021 йилда амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
«Ижтимоий-иқтисодий аҳволи энг оғир 325 та қишлоқ ва 71 та шаҳар маҳаллаларини комплекс ривожлантириш, уларга ичимлик суви, электр тармоқлари, ички йўллар ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари учун 3,3 триллион сўм ажратилади.
Шунингдек, 2 минг 721 та маҳаллада 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм берилади. Шу билан бирга, 1 триллион сўм эвазига 4 минг километрдан ортиқ сув тармоқлари тортилиб, 500 та маҳаллага тоза ичимлик суви етказилади. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 5 минг 377 та (60 фоиз) маҳаллада 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 4 мингдан ортиқ трансформаторлар янгиланади. Бу ишларга қарийб 2,1 триллион сўм йўналтирамиз.
Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан бирга ‘қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш’ лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг 21 та тумани, 60 та қишлоғида 485 миллиард сўмлик ёки 46 миллион долларлик лойиҳалар бошланади», — деди давлат раҳбари.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)