Россия таркибига кирувчи Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳридаги Давлат циркида 21 март куни томоша кўрсатаётган фил шеригига ҳужум қилди. Бу ҳақда цирк вакилига асосланиб, «РИА Новости» хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, майдонга олиб чиқилган иккита филнинг бири иккинчисини йиқитиб, майдоннинг четига итариб юборган. Уларга яқин ўтирган одамлар қочиб кетган.
Цирк вакили «РИА Новости»га берган маълумотига кўра, ҳеч ким зарар кўрмаган. Ҳайвон ўргатувчилар тажовузкор филни ҳайдаб, жониворларни ажратиб қўйган.
Маълумот учун, 13 мартдан бошлаб Қозон циркида «Филлар шоуси ва цирк сеҳри» дастури доирасида томошалар бўлиб ўтмоқда. Циркдаги филлар жангидан сўнг, «техник сабабларга кўра» ўша куни соат 17: 00 га белгиланган томоша бекор қилинган.
Изоҳ (0)