2020 йилнинг охирида Ўзбекистонда пандемия ва чегаралар ёпиқлиги туфайли «челнок» савдоси бутунлай тўхтагани маълум бўлганди. Spot’нинг Eurasianet нашрига таяниб ёзишича, «челноклар» Хитойга қайтишларини кутмоқда.
Хусусан, Карим Муҳаммадхўжаевнинг Хитойга қатнаётганига 10 йилдан ошган. У Хитойдан кўрпа-тўшаклар олиб келиб, Ўзбекистон бозорларида сотади. Ҳозирда у Тошкентда чойшаблар ишлаб чиқарувчи устахонага эга. Аммо, унинг сўзларига кўра, ҳозирда у Хитойдан сотиб олгандан кўра қимматга тушмоқда. Шу сабабли «челнокчилик» фаолияти сўнгги йилларда сезиларли мураккаблашганига қарамай, Карим уни ташлаб қўйиш ниятида эмас.
Тошкентдаги «Ипподром»да Eurasianet, асосан, Chanel ва Christian Dior каби таниқли брендларнинг Хитойда ишлаб чиқарилган қалбаки нусхаларидан иборат мавсумий кийим-кечак ва аксессуарлар билан тўлдирилган кўплаб кичик дўконларни учратган. Маиший техника сотилувчи бўлимда дўкон эгалари ўз маҳсулотларини «Пекинда ишлаб чиқарилган» деб реклама қилади.
«Мен нарсаларни Пекинга бориб сотиб оламан, шунинг учун менда фақат энг яхши нарсалар бор», — дея сумка ва аксессуарлар сотиладиган дўконга эгалик қилувчи Бахтиёр Галимжоновнинг сўзларини келтирмоқда Eurasianet. Унинг айтишича, харидорлар Пекиндан келган товарларни сифатлироқ деб ҳисоблайди, чунки улар «заводда ишлаб чиқарилади», Урумчи ва Гуанчжоу товарлари эса қўлбола усулда ишлаб чиқарилгани туфайли нисбатан сифатсиз ҳисобланади.
Пандемия четга чиқиш имкониятини чеклаб, Галимжоновга Хитойдаги «манипуляцияловчи» воситачиларга таянишга мажбур қилди, улар эса дарров нархларни оширди. «Аммо мен ҳали ҳам келажакни Хитойда кўряпман. [Pandemiya] тугагач, у менинг яна иккинчи уйим бўлади», — деган у қатъият билан.
Eurasianet’нинг қайд этишича, «челноклар» ишчи визалардан фойдаланмайди, чунки кўп ҳолларда уни олиш қийин. Нашр билан суҳбатлашган тадбиркорларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Хитойга боришда ҳатто сайёҳлик визаси билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди, аммо шунга қарамай улар ўз фаолиятини давом эттириш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, икки йил аввал «челноклар» 1 миллиард долларга савдо қилган. Бироқ ўша пайтнинг ўзидаёқ йил охирига келиб товарлар ҳажми камайишни бошлаган ва у товарларни божсиз олиб кириш меъёрларини кучайтирилишига тўғри келган.
Маълумот учун, 1980 йилларнинг охирларида МДҲ мамлакатларида иқтисодий фаолиятнинг ноқонуний шаклидан пайдо бўлган «челнок» савдоси ислоҳотлар йилларида иқтисодий хулқ-атворнинг қонуний ва кенг тарқалган моделига айланди. Бундай савдо, одатда, аҳолининг оммавий истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим роль ўйнайди ва бандлик муаммосини юмшатади.
Изоҳ (0)