2003 йил Гонконгдаги меҳмонхонадан илк бор тарқалишни бошлаган эпидемия кейинчалик 20 дан ортиқ мамлакатдаги 8000 дан ортиқ кишига юқиб, коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетган илк пандемиясига сабабчи бўлди. «Дарё» мазкур пандемия тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
SARS (Severe acute respiratory syndrome), яъни ўткир ўғир респиратор синдром 2003 йил Гонгконгда тарқалган илк коронавирусли пандемия эди. У биринчи марта 2003 йил февраль ойи охирида Хитойда пайдо бўлган ва бошқа 4 та мамлакатга тарқалган эпидемия пайтида аниқланган.
SARSнинг қўзғатувчиси ҳаво орқали юқадиган вирус бўлиб, у совуқда авжланади ва гриппга ўхшаш тарзда сўлакнинг майда томчилари орқали тарқалиши мумкин. Бу XXI асрда пайдо бўлган биринчи оғир ва осонликча юқадиган янги касаллик бўлиб, халқаро ҳаво қатнови йўналишлари бўйлаб тарқалиш қобилиятини кўрсатди. Шунингдек, SARS вирусини юқтирган киши тегиб турган юзалар орқали билвосита тарқалиши мумкин эди.
SARS билан аниқланган беморларнинг аксарияти 25—70 ёшдаги соғлом кишилар эди. 15 ёшгача бўлган болалар орасида SARS касаллигининг бир нечта шубҳали ҳолатлари қайд этилган. ЖССТнинг SARS билан касалланганлар орасида ўлим даражаси ўртача 3-10% атрофида эди.
Касалликнинг белгилари
SARS кўпинча пневмония ёки гриппга ўхшайди. Касаллик қуйидаги белгилар билан тавсифланади:- иситма (тана ҳарорати 38°C ва ундан юқори);
- бош оғриғи;
- умумий ҳолсизлик;
- миялгия (мушаклар оғриғи);
- қуруқ, балғамсиз йўтал.
SARS’нинг ўзига хос хусусияти аксириш ва бурун битишининг йўқлигида кўринади. SARS одатда инфекциядан 2-7 кун ўтгач пайдо бўладиган иситма билан бошланади, аммо шу билан бирга, аломатлар 10 кунгача бўлмаслиги мумкин. Совуқ қотиш, бош оғриғи ва мушак оғриғи ва умумий дискомфорт кўпинча кузатиладиган белгилардан ҳисобланади. Касаллик бошланганидан 2-7 кун ўтгач, қуруқ йўтал пайдо бўлади. Баъзида SARS оғир пневмонияга айланиб, нафас етишмовчилиги ва гипоксемияга олиб келади.
Касаллик аломатлар пайдо бўлганда юқумлилик даражаси энг баланд нуқтада бўлади. Касалликнинг клиник белгилари пайдо бўлишидан олдин (продромал даврида) ёки улар йўқолганидан кейин бошқа одамларга юқтириш мумкинми, йўқми, бу олимларга ҳанузгача маълум эмас.
Касалликнинг пайдо бўлиши
2002 йил ноябрь ойида Хитойнинг жануби-шарқидаги Гуанжоу провинцияси шифокорлари SARS ёки ўткир оғир респиратор синдром деб аталадиган касалликни биринчисини рўйхатдан ўтказишни бошлади. Кейинги бир неча ой ичида шу касалликка 26 мамлакатда 8096 киши чалинди, оқибатда 774 киши вафот этди. SARS’нинг дастлабки ҳолатлари тўғрисида тезда хабар бермаслик касаллик авжланиб, тарқалишига ҳисса қўшди.SARS ҳақида дунё ҳамжамиятини, жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини хабардор қилишни кечикишининг сабаблари мураккабдир. Шифокорлар илгари бундай белгили вирусли касалликни ҳеч қачон кўрмаганлар ва дастлаб Гуангжоу аҳолисида кўрган белгиларни оддий грипп бўлиши мумкин деб ўйлашган.
«Ҳеч ким бу ҳақда билмаган, шу жумладан Пекиндаги шифокорлар ҳам», дейди Арнольд С. Монто, Мичиган университети эпидемиология ва глобал соғлиқни сақлаш профессори. «Шифокорлар кузатган касалликларида янги белгилар борлигини тушуна бошлаганларидан кейин ҳам бир мунча вақт бутун дунёга хабар беришмади ва бу эса пандемия келиб чиқиши омилларидан бири эди».
Бундан ташқари, Хитой расмийлари шифокорларни Пекиндаги SARS касаллиги ҳақида хабар бермасликка чақирган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар мавжуд. 2003 йил апрель ойида Time журнали Пекиндаги ҳарбий касалхона шифокори Сзян Янёнгдан пойтахтда SARS билан касалланганларнинг ҳақиқий сони расмий маълумотларга қараганда анча кўп бўлганлиги тўғрисида хат олди. Бу ҳақиқат бўлиб чиқди ва Хитой расмийлари ўша ой учун ҳақиқий рақамларни эълон қилди. Шу билан Сзянни тақиб қила бошлашди.SARS Хитойда пайдо бўлиб, Гонконгга кўчиб ўтган
Гонконгда SARS эпидемияси уч босқичда содир бўлди. Биринчиси, шифохонада фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари, шу билан билан бирга, шу ерда таълим билан машғул бўлган талабаларни ва ўқитувчиларни қамраб олди. Ушбу босқич 2003 йил март ойининг биринчи ўн кунлигидан охиригача бўлиб ўтди. Иккинчи босқич – юқумли касалликнинг касалхонадан ташқарига чиқиб, жамоага тарқалиши натижасида келиб чиққан жамоат эпидемияси. Касаллик 2003 йил апрель ойининг бошларида Syamen Gardens деб номланувчи турар жой ҳудудида юқиши бирданига авжига чиқди. Ушбу ҳудудда жами 329 нафар аҳоли касалликка чалиниб, 33 нафари вафот этди. Учинчи босқич май ойининг бошларида бошланди. Касаллик саккизта касалхонада ва шаҳар бўйлаб 170 дан ортиқ турар-жой мажмуаларида давом этди. Аммо кунлик касалланишни қайд этишдаги янги ҳолатлар июнь ойининг ўрталарида икки рақамдан битта рақамга тушди.
Биринчи босқич бошланиши Хитойнинг Гуанчжоу касалхонасида SARS касалларини даволаш билан шуғулланадиган Гуанчжоу профессори 2003 йил февраль ойида Гонконгга ташриф буюргани билан боғлиқ. У 21 февраль куни Ковлундаги Метропол меҳмонхонасига жойлашди. Профессор Гонконгга саёҳат қилишдан аввалроқ касалликни юқтириб, кейинчалик касаллик белгилари яққоллашгач 22 февраль куни Ковлундаги Квонг Вах касалхонасига ётқизилган. Кейинчалик у касаллик оқибатлари туфайли юзага келган Атипик пневмониядан вафот этди. Ушбу биринчи ҳолатидан кейин меҳмонхонада у билан бир қаватда жойлашган 7 киши SARS билан касалланган. Улар турли жойдан келган кишилар эди. Аниқланишича, ушбу 7 киши профессордан касалликни юқтириб олиб, Канада, Вьетнам, Сингапур ва Гонконгнинг бошқа жойларига тарқатишган. Касалланганлар зудлик билан касалхонага ётқизилиб изоляция қилинган.
Пандемиянинг асоратлари
Тўсатдан, одатдаги шовқинли Осиё шаҳарларининг кўплари кимсасиз бўлиб қолди. Савдо марказлари бўшаб, туризм ва корпоратив саёҳатлар телеконференция шаклига ўтди.
Йўловчиларни текшириш учун аэропортларда ва портларда тана ҳароратини масофадан кўрсатувчи термал аппаратлар ишлатилган. SARS касаллигига чалинганига шубҳа бўлган одамлар билан алоқада бўлганлар карантин остига олинган ва гриппга ўхшаш аломатлар ҳақида хабар берганларга уйда қолиш тавсия қилинган. Ташқарида юрганлар қатъий ниқобларини тақиб юришга мажбурланган.
Симптомларнинг оғирлиги, юқори ўлим даражаси ва касалхона ходимларининг юқтириш эҳтимоли дунё ҳамжамиятида катта хавотирга сабаб бўлди ва 2003 йил 12 мартда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирусни бутун дунё бўйлаб тарқалишини тўхтатиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирди. Ўша пайтда бошқа давлат фуқароларига Жанубий Хитойга саёҳат қилишдан воз кечиш тавсия қилинди. ЖССТ маълумотларига кўра, эпидемия пайтида дунёнинг 30 мамлакатида 8436 SARS касаллиги қайд этилган, 900 дан ортиқ ўлим, қурбонларнинг энг кўп қисми Хитойда (348 ҳолат) ва Гонконгда (298 ҳолат) қайд этилган.2019 йилда қайталанган SARS Cов-2 пандемияси эса ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда.
Абдулазиз Акрамов тайёрлади.
Изоҳ (0)