15 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар штаби раҳбари, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида махсус йиғилиш бўлиб ўтди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, йиғилишда Тошкент шаҳрида коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари ортаётганлиги юзасидан Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ахбороти тингланган.

Шунингдек, мавжуд вазиятни назоратга олиш, Тошкент шаҳрининг барча туманлари, маҳаллалари, иш жойлари ва таълим масканлари, бундан ташқари, аҳоли кўп тўпланадиган бозорлар ва савдо марказлари, жамоат транспортларида амалдаги карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

«Пойтахтимиз ҳудудида коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш ҳамда амалдаги карантин талаблари ва санитар-гигиена тартиб қоидаларига аҳоли томонидан тўлиқ риоя этилишини назоратга олиш бўйича масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Йиғилиш якунида штабнинг тегишли қарори қабул қилинди», — дейилади хабарда.

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятининг маълум қилишича, Тошкент шаҳридаги жамоат транспортларида карантин қоидалари кучайтирилади.

Таъкидланишича, сўнгги кунларда мамлакатда коронавирусга чалинган беморлар сони ортиб бораётгани сабабли «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ жамоат транспортларида бир қатор чекловлар жорий қилмоқда. Қайд этилишича, ҳайдовчиларнинг тана ҳароратлари доимий назоратга олинади, дезинфекция ишлари янада кучайтирилади. Шунингдек, эндиликда ниқобсиз йўловчилар жамоат транспортларига чиқарилмайди.