Тошкент вилояти Қибрай туманининг «Ўнгқўрғон» маҳалласидаги фермер хўжаликларининг ўртасидан ўтган ариқдан ҳар куни икки маҳал қон оқади, деб ёзмоқда «Rost24.uz».

Фото: «Rost24.uz»

Қайд этилишича, ариқ бўйидаги аҳоли Тошкент шаҳридан 2 километр наридан ўтган мазкур ариқда оқадиган қонни ҳар куни кўравериб, деярли кўникиб кетган. Улар бу қонли ариқ бўйича 3 йил мобайнида кўп жойга мурожаатлар қилган, аммо ариқдан қон ҳали ҳам оқишда давом этмоқда.

Ариқ ёқалаб, тахминан, 3-4 километр юргандан сўнг қон қуйиладиган яширин қувур топилган. Бу қувур, тахминан, 300 метр узоқликдаги кушхонадан ўтказилгани аниқланган. Олхўри дарахтлари экилган фермер хўжалиги еридан 2 метр чуқурликдан яширинча ўтказилган махсус қувурдан ариққа қуйилади.

Фото: «Rost24.uz»

Мазкур кушхона эса «Обод Савдо Бизнес» МЧЖга қарашли мол бозорининг ичида жойлашган. Ушбу бозордан харид қилинган ва бошқа жойдан олиб келинган моллар шу ернинг ўзида сўйилиб, қони ва ахлати ер тагидан ўтган қувур орқали ариққа оқизиб юборилади.

Фото: «Rost24.uz»

«Ҳар кун икки-уч маҳал қон оқадиган ушбу ариқ Қибрай туманидан ўтувчи Қорақамиш каналига қўшилади. Бу канал эса Тошкент шаҳрининг Қорақамиш массивидан ўтиб, Олмазор туманининг марказидаги сузиш ҳавзасига қуйилар экан. Ушбу ҳавзага сўйилган молларнинг қони ва ахлати етиб келгунича кўринишини йўқотиши мумкиндир, аммо таркиби йўқолмайди. Ёз кунлари аҳоли чўмиладиган сувга мазкур қон ва ахлат қўшилишини ва оқибатини ҳеч қандай изоҳ билан оқлаб ҳам бўлмайди», — дейилади хабарда.

Фото: «Rost24.uz»

Ушбу муаммога нафақат Қибрай туман мутасаддилари, балки Экология қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази каби бир қанча мутасадди ташкилотлар эътибор қилиши лозимлиги таъкидланган.

«Тошкент вилояти Қибрай туманининг ‘Ўнгқўрғон’ маҳалласидан бошланадиган қонли сувлар пойтахтимизнинг ўртасидан ўнлаб километр масофа босиб, миллионлаб аҳоли яшайдиган манзиллардан ўтиб кетади. Ҳаттоки ёш болалар чўмиладиган ҳавзаларга ҳам бир кириб ўтиши юқоридаги амалдорларимиз эътибор қаратиши лозим бўлган жиддий мавзу», — дейилади хабарда.