Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида Президент сиёсатидан илҳомланиб, қиймати 4 миллиард сўм бўлган болалар боғчасини ташкил қилган тадбиркор Ваҳоб Норсафаров Мактабгача таълим вазирлиги эътиборсизлиги сабаб боғчани ёпишга мажбур бўлмоқда.Бу ҳақда «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган тадбиркор мазкур муаммо билан ижтимоий тармоқлар орқали бир неча маротаба чиқиш қилганини, бироқ муаммо ҳамон ҳал этилмаётганини айтмоқда.
«Президентнинг 2018 йил 5 апрелдаги ‘Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида’ги қарори бўйича биз 2019 йил май ойида 168 ўринли боғча ташкил қилдик. Муҳтарам Президентимизнинг қарорига илова қилинган ‘Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида’ги Низомнинг 97-моддасига асосан хусусий-шериклик асосида ташкил этилган боғчамизнинг раҳбарлари-ю тарбиячиларининг иш ҳақига субсидия бериш кўрсатиб ўтилган. Чунки, биз боғчамизни ўзимизнинг тайёр биномиз негизида, ўзимизга тегишли ердан ташкил қилган эдик. Лекин Мактабгача таълим вазирлиги бизга берилиши лозим бўлган имтиёзлар Вазирлар Маҳкамасининг қарорида кўрсатилмаган, деган важни айтмоқда. Бироқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунда қарорлардаги номутаносибликлар, тафовутлар вужудга келганда юридик мақоми юқори ташкилот қарорлари амал қилинади деб белгиланган. Президент қарорида боғча ташкил қилган тадбиркорлар учун бир нечта имтиёзлар кўрсатиб ўтилган. Шу жумладан, мактабгача таълим соҳасидаги хусусий шерикнинг тарбиячилари, мусиқа ўқитувчилари ва яна бошқа бир қанча ишчиларнинг иш ҳақига субсидия бериш кўрсатиб ўтилган. Шунинг учун биз ҳозирги вазиятда мактабгача таълим вазирилигидан Президент қарорига илова қилинган ‘Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида’ги низомнинг 97-моддасида кўрсатиб ўтилган ёрдам берилишини ва Президент қарори сўзсиз бажарилишини сўраяпмиз», — дейди тадбиркор Ваҳоб Норсафаров.
Маълум бўлишича, деҳқонободлик тадбиркор Ваҳоб Норсафаров Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, мактабгача таълим тизимига қаратилаётган эътибор сабаб ишлаб турган меҳмонхонаси ўрнида давлат-хусусий шериклиги асосида боғча ташкил этишга қарор қилади. Ва 2019 йил 6 май куни Мактабгача таълим вазирлиги билан битим имзолайди. 30 йил муддатга тузилган битимга кўра, тадбиркорга «Агробанк»нинг Деҳқонобод туман филиалидан 2 миллиард сўм имтиёзли кредит берилади. Тадбиркорнинг 700 миллион сўм маблағи ва 2 миллиард сўмлик кредит эвазига 125 ўринли «Реал келажак» номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўз ишини бошлади. Кейинчалик боғча 168 ўринли қилиб ўзгартирилади. Ва тадбиркорнинг айтишича, шу кунга қадар боғча учун 2 миллиард сўм кредит маблағи, 2 миллиард сўм ўз маблағи сарфланиб, жами 4 миллиард сўм сарф қилинган.
«Айни кунда боғчамизда 13 нафар ишчи фаолият юритади. Яна 15 та янги иш ўрни яратишни мақсад қилиб турибмиз. Фақат талаб қилаётганимиз, давлат раҳбари қарорида кўрсатилганидек, ‘мактабгача таълим ташкилотининг директорлари, методистлари, тарбиячилари, дефектологлари, психологлари, мусиқа ходимлари иш ҳақига сарфланадиган харажатларни қоплаш учун давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган шартларда қўшимча бюджет субсидияларини олиш ҳуқуқи’миздан фойдаланиб, субсидия сўраяпмиз. Вазирлик эса, бу тартиб Вазирлар Маҳкамаси қарорида назарда тутилмаган дейишдан нарига ўтмаяпти», — дейди боғча муассиси.
Тадбиркор Ваҳоб Норсафаров давлат раҳбари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қароридаги тафовутлар сабаб унга ёрдам кўрсатилмаётганини айтиб, ижтимоий тармоқлар орқали бир неча маротаба чиқиш қилган. Ҳатто вазир Агрепина Шин қабулида ҳам бўлган.
«Вазир Шин хоним менинг муаммомни эшитиб, вазиятимдан хабар топгач менга кўмак берилиши лозимлигини айтиб, ўринбосарига топшириқ берди. Бироқ вазир ўринбосари Мақсуд Йўлдошев вазирнинг топшириғини бажармади. Бу ҳам етмагандек, менинг барча мурожаатларимни қониқарсиз жавоблар билан ёпиб келди», — дейди тадбиркор.
Дарҳақиқат, тадбиркор мурожаатига жавобан вазирликдан Мақсуд Йўлдошев имзоси билан бир нечта жавоб хатлари келган. Жумладан, 2019 йил 2 октябрдаги жавоб хатида вазир ўринбосари Мақсуд Йўлдошев тадбиркорга унинг мурожаатига кўра, вазирлик ва тадбиркор ўртасида 2019 йил 6 май куни имзоланган битимдаги айрим хатоликлар тўғриланиб, қайта имзолаш учун юборилаётганини билдирган. Бироқ ходимларининг иш ҳақи учун сўралаётган субсидия рад этилганини баён қилган. Вазир ўринбосари субсидия рад этилишига «Реал келажак» вазирликнинг қайта ташкил этишни назарда тутувчи шаклида барпо этилганини сабаб қилиб келтирган. Ундан кейинги жавоб хатларида ҳам шу сўзлар такрорланган.
«Мен ташкил қилган боғча ишлаб турган меҳмонхонам ўрнида ташкил этилган. Мақсуд Йўлдошев эса буни инобатга олмаяпти. ‘Сизнинг боғчангиз вазирликнинг қайта ташкил этишни назарда тутувчи шаклида барпо этилган’, дея янгиланаётган битимимизга субсидия олиш ҳақидаги талабни киритишни рад этмоқда. Вазирнинг шахсан ўзи менинг бу талабимни қўллаб-қувватлаб, ёрдам берилишини айтганди. Вазир ўринбосари нега вазирнинг топшириғини бажармаяпти», — дейди Ваҳоб Норсафаров.
Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, у бу масала юзасидан нафақат Мактабгача таълим вазирлигига, Президент виртуал қабулхонаси, бизнес-омбудсман, вилоят раҳбари-ю туман ҳокимигача мурожаат қилган ва ёрдам сўраган.
«Президентимиз болалар боғчаларини кўпайтириб, қамровни кенгайтириш ҳақида топшириқ берганда буни бажаришни жойлардаги раҳбарлар, вилоят ҳокимлари-ю туман раҳбарларига вазифа қилиб топширганди. Бундай вазиятда эса, ҳокимлар биз тадбиркорлардан кўмак сўраган ва ташаббус билан чиқишимизни кутган. Шахсан мен ўша пайтда ташаббус билан чиқдим ва айни кунга келиб, вазирлик эътиборсизлиги сабаб 4 миллиард сўм сарфланган боғчам фаолиятини тўхтатишимга тўғри келмоқда. Сабаби 2020 йилда боғчамиз 67 миллион сўм зарар билан йилни якунлаганди. Тадбиркор сифатида бу маблағни ўз ҳисобимдан қопладим, албатта. Бу йил ҳам шундай зарар билан ишлаётганимиз сабаб давлат томонидан берилаётган имтиёз — ходимлар маоши учун бериладиган субсидиядан умид қилгандик. Аммо вазирлик бизни бу имкониятдан мосуво қилмоқда. Ҳақимизни талаб қилсак, ҳатто мурожаатларимизни ўрганишни рад этиб жавоб бермоқда», — дейди боғча таъсисчиси.
Тадбиркорнинг билдиришича, ҳолат шу тарзда давом этадиган бўлса, март ойида 168 ўринли боғча фаолияти тугатилиб, яратилган 13 та ва ташкил этилиши мўлжал қилинган 15 та янги иш ўрни тугатилади.
Ҳужжатлардан маълум бўлишича, мазкур муаммони Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.Қосимов ҳам ўрганган ва вазир Агрепина Шинга расмий хат билан чиқиб, тадбиркор билан вазирлик ўртасидаги битим қайта имзоланган бўлса-да, тадбиркор талаб қилаётган асосий масала битимга киритилмаётгани билдирилган. Ҳамда тадбиркорга ёрдам берилиши лозимлиги, битимга тегишли тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозимлиги талаб қилинган ва 5 кунлик муддат ичида омбудсманга асослантирилган жавоб тақдим этилиши сўралган. Бироқ, биздаги ҳужжатларга кўра, бизнес-омбудсманнинг мазкур хати жавобсиз қолган.
Деҳқонобод туман ҳокимлиги ахборот хизматининг «Дарё» сўровига жавоб беришича, мазкур муаммо ҳоким Зоир Алиқулов бошчилигида президент Халқ қабулхонаси бошлиғи, туман Адлия бўлими бошлиғи, туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи ҳамда масъул ташкилотлар иштирокида муҳокама қилинган.
«Муҳокамада барча ташкилот масъуллари — ҳоким Зоир Алиқулов, туман Халқ қабулхонаси мудири Очил Хўжанов, туман Адлия бўлими бошлиғи Маҳманазар Тангриевлар тадбиркорни қўллаб-қувватлаш ниятида эканлигини, тумандаги 168 ўринга мўлжаллаб барпо этилган замонавий боғча фаолият юритишидан умидворлигини билдирди. Ва масалага ойдинлик киритиш мақсадида юқори турувчи ташкилотларга таклиф беришларини маълум қилди», — дейилади ҳокимлик ахборот хизмати тақдим этган маълумотда.
«Дарё» мухбири айни масала юзасидан Қашқадарё вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Асрор Алимардонов билан ҳам суҳбатлашди.
«Вазиримиз Агрепина Шин билан мазкур масалада суҳбатлашиб, тадбиркорга қўлимиздан келган ёрдамни берамиз ва боғча фаолиятини давом эттирамиз», — деди Асрор Алимардонов.
«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Изоҳ (0)