«Дарё» ёш иқтисодчилардан бири Беҳзод Ҳошимов билан бўлган Ўзбекистон иқтисодиёти эркинлиги, иқтисодий саводхонлик ва иқтисодчилар ҳақидаги интервьюни тақдим этади.
— Бугун Ўзбекистон иқтисодиётининг қанчалик эркинлиги, иқтисодий саводхонлик ва иқтисодчилар ҳақида халқ тилида суҳбат қиламиз. Рухсатингиз билан саволларга ўтсам. Давлатнинг иқтисодий эркинлиги нима ва у қандай ўлчанади?
— Сиз давлат деган сўзни ишлатдингиз, менимча, мамлакат сўзи тўғрироқ бўлади. Мен ўйлайманки, давлат деганда, давлат институтлари тушунилади, мамлакат деганда эса маълум бир ҳудуд ва ундаги аҳолини тушуниш мумкин. Иқтисодий эркинлик нисбатан янги мавзу деёлмаймиз, чунки иқтисодий эркинлик ҳақида дебатлар 200 йиллардан бери давом этиб келяпти.
Яхши янгилик шундаки, дунёнинг аксар мамлакатлари охирги 250 йилларда иқтисодий ва бошқа жабҳаларда анча эркинлашди. Лекин, албатта, қайсидир мамлакатлар кўпроқ эркинроқ, қайсидирлари эса камроқ эркинроқ. Бугунги кунда, охирги 10—15 йилдан ортиқроқ пайтда бир неча институтлар, тадқиқот марказлари ва илмий марказлар мамлакатларнинг нисбий эркинлик даражасини ўлчашни бошлашди. Масалан, Heritage Foundation ва бошқалар Economic Freedom Index кўрсаткичларини эълон қилиб келишади. Улардаги рейтингларни ҳисоблаш мантиғи тўғри ва албатта, фойдали, лекин мутлақ ҳақиқат дейишимиз қийин. Чунки уларда ўлчовга қараб нисбий натижа чиқади.
Мисол учун, рейтингда 113 ва 114-ўринларда жойлашган мамлакатларнинг рақамлардаги фарқи унчалик тўғри бўлмаслиги мумкин, лекин 24 ва 114-ўриндаги мамлакатларни таққослашда бизга яхшироқ мулоҳаза қилишимизда ёрдам беради.
Рейтингларда мулк ҳуқуқи дахлсизлиги, инсонлар, корхоналар ва давлат ўртасида ўзаро шартномаларнинг қанчалик амал қилиниши, мамлакатда алоқалар қанчалик қонуний амал қилиниши, савдога бўлган эркинлик, пулларни олиб кириш ва олиб кетиш эркинлиги, капитал назорати, меҳнат кучи эркинлиги, яъни корхоналар қанчалик одамни ишга ола олиши ё ишдан бўшата олиши ёки одамлар хоҳлаган ишга кира олиши ёки ишни тарк эта олиши, шу каби кўрсаткичлар эътиборга олинади.
Бундан ташқари, ички миграция масаласи, масалан, Ўзбекистонда катта муаммо прописка масаласи эди, бу мамлакатимизнинг иқтисодий эркинлигининг чегараланиши эди.
Иқтисодий ва сиёсий эркинлик бир-бирига боғлиқ бўлиши мумкин, лекин улар ҳар хил нарсалар. Бир хил иқтисодчилар айтадики, иқтисодий эркинлик сиёсий эркинлик учун шарт бўлган омил, бошқа иқтисодчиларга кўра эса бу етарли омилдир. Иқтисодий эркинлик даражаси бу инсонлар ўйлаб топган табиий бир нарса эмас, килограммга ўхшаган ўлчов эмас ва ҳисоблаш индикаторлари ҳам субъектив. Лекин бундай рейтингларнинг мантиғи шундаки, рейтинглар инсонлар ўз иқтисодий ҳаётларини қуриши учун тўсиқ ва чегараларнинг қанчалик даражадалигидан келиб чиққан.
— Сиз ҳозир иқтисодий эркинлик кўрсаткичи индикаторлари ҳақида айтиб ўтдингиз, Heritage доимий эълон қилиб борадиган иқтисодий эркинлик индексининг бир индикатори — бу давлат яхлитлиги — government integrity ҳисобланади. Шу ҳақда айтиб ўтсангиз.
— A person of integrity деганда омонатни ишонса бўладиган, ишончли одам деб тушунса бўлади. Демак, government integrity бу давлат ўз бўйнига қўйилган масъулиятларни бажариши, дегани.
— Давлат яхлитлиги деганда давлат органлари фаолиятининг коррупцион ҳолатлардан холилик даражаси деган тушунчадан келиб чиқсак, коррупциянинг таъсири Ўзбекистонда қандай?
— Ўзбекистон — коррупцияни нисбий қабул қилиш индексида дунёда энг коррупциялашган мамлакатлардан бири. Бу субъектив фикр бўлгани билан, бунда ҳақиқат ҳам бор. Яъни, биз бу мамлакатда яшаймиз ва биламиз, бу мамлакатда кўп нарса коррупция билан боғлиқ. Мен ўйлайманки, Ўзбекистонда коррупциянинг «уникал» муаммоси унинг табиат қонуни эмас, ўйин қоидалари шундай шаклланганидир.
Масалан, яқин тарихимизда ҳам, 2017 йилгача ҳам жуда кўп коррупция аралашган соҳалар бор эди. Масалан, чет эл валюталарини айирбошлашни бозорда амалга оширсангиз, бу жиноят эди ва бир хил одамлар коррупция йўли билан давлатдан 4000 сўмга доллар сотиб олиб, кўчага чиқиб 8 минг сўмдан сотарди ва бу жуда катта коррупция механизмини келтириб чиқарган, шунинг натижасида ҳаётнинг кўп жабҳаларида хунук ишлар бўлган.
Охирги 4 йилда буни давлат бозорга чиқариб юборди ва ўша соҳадаги коррупция таг-туги билан ўзгариб кетди. Бу билан халқнинг менталитети, инсонларнинг ўзи, таълими ўзгаргани йўқ. Мен кўп ўқийман, коррупцияни йўқотиш учун халқнинг менталитетини ўзгартириш керак, болаларга мактабдан, боғчадан коррупцияга қарши курашишни ўргатиш керак, дейишади. Бу, албатта, хато фикр, чунки коррупциянинг жамиятга тааллуқли қисми бордир, лекин коррупция — бу ўйин қоидаларига бўлган жавоб. Коррупция кўп муаммоларга сабаб деёлмайман, лекин коррупция нотўғри тизимнинг бир реакцияси. Коррупция баъзида бир хил нарсаларнинг сабаби, аксарият ҳолларда эса нотўғри ва қинғир ғоянинг оқибатидир. Хулоса ўрнида коррупциянинг давлатга таъсири жиҳатидан қарайдиган бўлсак, бу ерда ечим нисбатан осон.
— Халқимиз иқтисодий эркинлик ҳақида, иқтисодиёт ҳақида билиши, умуман, иқтисодий саводхонлиги ошиши қанчалик муҳим? Бу иқтисодий эркинлик даражасига қандай таъсир қилади?
— 1988 йилда бир гуруҳ америкалик иқтисодиётчилар — Лоуренс Саммерс, Роберт Шиллер, Лоуренс Кац каби кучли иқтисодчилар Собиқ Иттифоққа келишди ва иқтисодий ислоҳотлар қилиш ҳақида ҳукумат билан гаплашишди. Шунда ҳукумат раҳбари биздаги инсонлар бозор иқтисодиётига тайёр эмас, яъни уларнинг иқтисодий саводхонлиги жуда паст, деган фикрни айтди. Кейин Роберт Шиллер россиялик иқтисодчи Максим Бойко билан қизиқ тадқиқот қилди. Улар Москва ва Нью-Йорк шаҳридаги инсонларга иқтисодий саводхонликка оид саволларни беришди ва жудаям қизиқ натижа топишди. Яъни инсонларнинг бозор иқтисодиётига бўлган муносабатлари Москва ва Нью-Йоркда катта фарқ қилмайди. Америкаликларнинг иқтисодий билимларни яхшироқ билишини миф десак ҳам бўлади.
Тўғри, АҚШдаги қайсидир элита қатламда иқтисодий билимлар Россиядаги ва Ўзбекистондаги инсонлардан баландроқ, лекин умумий жамиятда ўқимишлилар фоизи катта бўлмагани учун иқтисодий билимларга ҳамма тенг қарайди. Иккинчи томондан, билиш ва муносабатда бўлиш икки хил нарса.
Мисол учун, АҚШда ҳам жуда машҳур одамлар Ерни думалоқ эмас, текис деб билишади ва керак бўлса, жуда кўп муҳокамалар қилишади. Шунинг учун, агар Ўзбекистонда инсонларнинг иқтисодий билим даражалари АҚШ ёки Ғарбий Европадагига тенглашган тақдирда ҳам бирор нарса ўзгарадими, йўқми айтолмайман.
Лекин яна шуни айтиш ҳам керакки, иқтисодий саводхонликка антоним бу иқтисодиёт ҳақида билмаслик эмас, балки иқтисодиёт ҳақида нотўғри тушунчага эга бўлиш. Яъни Ўзбекистондаги ҳеч қачон иқтисодиётни ўрганмаган одамга иқтисодиётни ўргатиш иқтисодиёт ҳақида нотўғри тушунчага эга одамга ўргатишдан анча осонроқ. Бизда иқтисодиёт деганда фан эмас, қандайдир нуқтаи назар, фалсафа деб тушунишади ва уни жудаям сиёсийлаштириб юборишади. Бунинг сабаблари кўп, мисол учун, рус иқтисодчиси Константин Сонин ва кўп иқтисодчиларнинг фикрича, Собиқ Иттифоқда ижтимоий фанлар, айниқса, иқтисодиёт деярли ўрганилмаган ва АҚШда чоп этилган китоблар эса оммага ўқиш мумкин эмас эди ва фан жиҳатдан иқтисодиёт анча паст эди. Ваҳоланки, ХХ аср бошларида Слуцкий, Кантарович ва Марков деган одамлар Нобель мукофотини олиши керак бўлган муҳим иқтисодчилар бўлишган, яъни ўша пайтдаги рус иқтисодчилари АҚШ иқтисодчилари билан солиштирса бўладиган даражада эди.
Кейин иқтисодиётни ўрганиш ман этилган ва сиёсий иқтисодиёт каби дарслар олиб кирилган. Охирги 90 йилларда иқтисодиёт фан сифатида деярли ўрганилмагани учун фан сифатида тасаввурлар ҳам кам. Сонин фикрича, 93 йилдан кейин Россияда иқтисодий мактаблар очила бошлаган ва Россия жамиятида иқтисодиёт фан сифатида ўрганила бошланган. Хулоса қиладиган бўлсак, умумий саводхонлик ошиши таъсирини билмайман, лекин қарорларни қабул қилувчи қатламлар ичида иқтисодиётга фан нуқтаи назаридан қараш ва иқтисодий жоҳилиятдан кетиш яхшироқ бўларди.
— Иқтисодий саводхонликни ошириш ва иқтисодиётни фан сифатида инсонларга етказиш учун иқтисодчи талабаларга қандай тавсиялар берасиз?
— Шахсан ўйлайманки, мен иқтисодиётни фан сифатида оммалаштириш учун ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан. Масалан, Telegram каналим бор, YouTube’да видеолар оламан ва «Gazeta.uz»да мақолалар ёзаман ва менинг асосий мақсадим — илм-фан одамларини эшитиш ва фанни зерикарли нарса эмас, ҳаммага қизиқ қилиб таништириш. Иқтисодиёт бу фақат кўзойнак таққан, ғалати гапирадиган ўрта ёшли эркаклар гапирадиган нарса эмас, бу ҳамма учун муҳим ва қизиқ фан эканлигини тушунтирмоқчиман. Агар сиз яхши ёза олсангиз ва бунга қизиқиш бўлса, бу, албатта, мақсадга мувофиқдир. Сизнинг иқтисодиёт фанини оммалаштираётганингиз фойдасини бутун жамият кўриши мумкин, лекин харажатни фақат сиз қиласиз. Шунинг учун, буни яхшилаб ўйлаб, ҳисоблаб кўриш керак.
— Иқтисодиётни билиш ҳаётни яхшилайдими?
— Иқтисодиёт инсонларнинг ҳаётларини яхшилайди, бунга шубҳам йўқ. Лекин иқтисодиётни билиш ва у билан шуғулланиш уни билган одамнинг ҳаётини яхшилайдими, йўқми билмайман. Ҳар қандай фанни билиш уни билган инсонга бахт ёки бахтсизликлар олиб келиши мумкин, лекин фаннинг ўзи, албатта, инсонларни бахтли қилишга хизмат қилади. Иқтисодчиларнинг ёмон томони бу ҳар доим оқилона ҳаракатни қидиришни бошлашади. Сиз иқтисодчи бўлсангиз одамларни нооқилона ҳаракатда айблаёлмайсиз, масалан, тўйларга кўп пул сарфлашни тентаклик дейишади, сиз биласиз бу тентаклик эмас, бу ўша инсон учун оқилона қарор. Инсон иқтисодиётни билишининг яхши томони бу инсонларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолай олади. Иқтисодиётни билган инсон бахтлироқми, йўқми буни билмайман, тўғриси.
— Математиканинг иқтисодиётни билишдаги ўрни ҳақида айтсангиз.
— Илм-фанни ўрганувчи инсонга бугунги кунда инглиз тили сув ва ҳаводек зарур бўлганидек, математика иқтисодиётнинг тили ҳисобланади. Математикани билмасдан иқтисодиётни билиш мумкинлигини тасаввур қилолмайман. Бу худди таржима қилинган китобни ўқишдай гап. Чунки иқтисодчилар математик моделлар орқали гаплашишади. Математикани билиш иқтисодиётни тушуниш учун шарт бўлган омил, лекин етарли бўлган омил эмас. Яъни метематикани билиш иқтисодиётни билишга ёрдам беради, лекин математикани билди, дегани иқтисодиётни тушунди дегани эмас. Математикани ҳам, иқтисодиётни ҳам билиш инсонга тушуниш бахтини беради. Мен учун ҳам қандайдир жараёнларни, хатти-ҳаракатларни тушуниш бу олий мақсад ва завқдир. Да Винчининг гапи бор-ку: «The noblest pleasure is the joy of understanding».
— Беҳзод ака, берган барча жавобларингиз учун раҳмат, кетказган вақтингиз ва илмингизга рози бўлинг.
— Сизга ҳам катта раҳмат.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Эъзоза Холмуродова суҳбатлашди.
Изоҳ (0)