Украина ҳукумати коронавирус сабабли жорий қилинган карантин муддатини 30 апрелгача узайтирди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Киев, Украина.

Фото: Reuters

24 февралдан мамлакат карантиннинг мослашувчан шаклига ўтди. Ҳудудларга эпидемиологик хавфнинг тўрт даражасидан бири берилади — «яшил», «сариқ», «тўқ сариқ» ёки «қизил».

«Сариқ» даража бутун мамлакат учун асос сифатида ўрнатилди, унда бир қатор қоидалар юмшатилади: ҳар 4 квадрат метрда бир кишидан ортиқ одам бўлмаслик шарти билан оммавий тадбирлар ўтказишга, кинотеатрлар ва маданият муассасалари учун залларнинг ярмигача тўлдиришга рухсат берилади. Ресторанларнинг фаолияти соат 00:00 дан 07:00 гача чекланади, бу вақтда улар етказиб бериш хизматини амалга ошириши мумкин. Транспорт ва бошқа жамоат жойларида мажбурий ниқоб тақиш тартибига амал қилинади.

Эпидемиологик вазият ёмонлашса, хавф даражаси «тўқ сариқ» рангга алмашади. Ўзини ўзи бошқариш органлари қўшимча чекловлар киритиши мумкин бўлади.

Агар эпидемиологик кўрсаткичлар кетма-кет уч кун белгиланган даражадан ошиб кетса, ҳудуд «қизил» даражага ўтади ва қатъий карантин жорий этилади. «Қизил» даражада умумий овқатланиш шохобчалари, савдо марказлари, кўнгилочар масканлар, шунингдек, барча дўконларнинг фаолиятига тақиқ қўйиш кўзда тутилган. Озиқ-овқат ва бирламчи эҳтиёждаги маҳсулот дўконлари бундан мустасно.

Украинада 8 январдан қатъий карантин жорий қилинган эди. Чекловларни юмшатиш биринчи марта 24 январдан амал қила бошлади. Юмшатилган чекловлар 28 февралдан кейин бекор қилиниши керак эди, лекин ҳукумат карантинни яна 30 апрелгача чўзишга қарор қилди.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, пандемия бошидан буён Украинада 1,3 миллион та вирусга чалиниш ҳолати қайд этилди, беморларнинг 25,3 минг нафари вирус қурбонига айланди.

Украинада аҳолини вакцинация қилиш ҳали бошланмади. Мамлакат расмийлари «тажовузкор давлат» деб тан олинган Россиянинг COVID-19’га қарши вакцинасини рўйхатдан ўтказишни тақиқлади. Қашшоқ мамлакатларни вакцина билан таъминлашни кўзда тутувчи COVAX дастури доирасида Украина Pfizer компаниясидан 117 минг, AstraZeneca ва Novavax компанияларидан 12 миллион доза вакцина олишни кутмоқда. Шунингдек, ҳукумат олдиндан Хитойнинг Sinovac компанияси томонидан ишлаб чиқарилган вакцинага 1,9 миллион доза буюртма берди.