Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар жойлар орасида қурилишларни тўхтатиш масаласи, мазкур қарорга сабаб бўлган омиллар ҳамда шаҳарсозликдаги янги режаларга бағишланган брифинг ўтказилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фарғона шаҳар прокурори Дилмурод Қобуловнинг таъкидлашича, шаҳарда уйлар жуда зич жойлашган, улар орасида янги бинолар қурилиши натижасида одамлар ҳовлисида ўтирадиган жой ҳам қолмаяпти.

«Аҳоли нимадан норози бўляпти? Аҳоли, асосан, домлар орасидаги қурилишлардан, жуда яқин қуриб юборилаётган, котлован қазилаётган ҳолатлардан норози бўляпти. Жойида ўрганиб кўрсак, ҳақиқатан ҳам болалар майдончалари ва фавворалар ўрнига кўп қаватли уйлар қурилаётганига ўзимиз ҳам гувоҳ бўляпмиз. Умуман, шаҳар ҳудудида қанча дом қуриляпти? Қанча қарор қабул қилинган бу масала бўйича? Қани таҳлил қилайлик, нима сабабдан бундай ҳолатларга йўл қўйилган?

Ўрганиш давомида, албатта, тадбиркорларнинг манфаатлари инобатга олинади, уларнинг ҳуқуқлари кафолатланади. Ижтимоий тармоқларда нотўғри тушунчалар пайдо бўлаётган экан. Бунга асло йўл қўймаймиз. Қарорларни ўрганишда тадбиркорлар билан музокара олиб борилади. Лекин ноқонуний, умуман талабга жавоб бермайдиган ҳолатлар юзасидан ҳокимият қарорларига нисбатан муносабат билдирилади.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Жой йўқлиги учун аҳоли ташқарига чиқмай қўйди. Қўшнилар билан гаплашиб ўтириш, меҳр-оқибат деган масалалар жуда сусайиб кетяпти. Чунки ўтирадиган, гаплашадиган жой йўқ. Уйдан чиқиб қараса, рўпарасида етти қаватли ё беш қаватли ‘дом’ турибди. Автомашиналар қўйиш учун ҳам жой йўқ», — деди Фарғона шаҳар прокурори Дилмурод Қобулов.

Брифингда таъкидланишича, мазкур ишларни амалга оширишда тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказмаслик чоралари кўрилган.

Қайд этилишича, Фарғона шаҳрининг бош режасига асосан Нурафшон кўчасида Мустақиллик шаҳарчаси, шунингдек, Аэропорт кўчасида жойлашган собиқ мотодром ҳудудида кичик шаҳарчалар комплекси бунёд этилмоқда.

Бундан ташқари, Фарғона шаҳар ҳудудига Фарғона туманидан қўшиб олинаётган 300 гектар ерда йўлдош шаҳарчалар ташкил қилиш бўйича Туркия ва Жанубий Корея давлатларининг лойиҳа институтлари томонидан алоҳида бош режа ишлаб чиқилмоқда.

Қурилиши тўхтатилган тадбиркорларга айнан шу ҳудудлардан ер майдонлари таклиф этилиши маълум қилинди.

Аввалроқ Фарғона шаҳри ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев кўп қаватли уйлар орасидаги қурилишлар нега тўхтатилганига изоҳ берганди.

Эслатиб ўтамиз, Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳридаги «Дўстлик» ҳамда «Гулзор» маҳаллаларидаги аҳоли яшаш шароитларини ўрганиш жараёнида ҳудудда кўп қаватли турар жойлар орасида яшил майдонлар ҳудудидаги дарахтлар кесилгани, болалар ва спорт майдончалари бузилгани ва ўрнига янги бинолар қурилиши бошланганига гувоҳ бўлганди.

Вилоят ҳокими биргаликда ўрганиш олиб бораётган шаҳар ҳокими ва прокурорига 13 февралдан бошлаб Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар жойлар ўртасида олиб борилаётган барча қурилишларни тўхтатиш ҳамда бундай қурилишларга рухсат бериш билан боғлиқ қарорларни бекор қилиш юзасидан топшириқ берганди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Фарғона шаҳар Шодиёна маҳалласига кутилмаганда бориб, бу ерда аҳоли билан учрашуви ва мавжуд ҳолатнинг ўрганганлиги ҳудудларда кўплаб муаммолар борлигини кўрсатган. Брифингда маълум қилинишича, бугунги кунда вилоят ҳокими бошчилигида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини «маҳаллабай» ўрганиляпти, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар