Гиннеснинг рекордлар китоби яна бир жаҳон рекордини қайд этди: Хитойнинг Geely компанияси 750 та автомобиль ёрдамида улкан мозаикани яратди. Ушбу ютуқ Хитой Янги йили арафасига тўғри келди: маҳаллий календарга кўра, 2021 йил сигир мучали остида бўлиб, янги «рекордли» композиция айнан ушбу ҳайвонга бағишланган, деб хабар беради Motor.
Гиннеснинг рекордлар китоби қоидаларига кўра, рекорд қайд этилиши учун автомобиллар орасидаги масофа 20 сантиметрдан, композиция майдони эса 3 минг квадрат метрдан кам бўлмаслиги керак. Geely фирмаси иккала талабни ҳам бажарган: машиналар 4-5 сантиметр фарқ билан терилган, орнамент майдони эса 7 минг квадрат метрдан ошиб кетган.
Умуман олганда Geely бир вақтнинг ўзида иккита мозаикани яратган: уларнинг бирида йил рамзи — буқа тасвирланган бўлса, иккинчисида — «2021» рақами ва иэроглиф кўринишидаги имзо. Гиннеснинг рекордлар китоби вакиллари флешмобда жами 1339 та машина иштирок этганига қарамай, улар орасида энг каттаси — 750 автомобилдан иборат мозаикани қайд этган. Рекордни ўрнатишда бир хил моделдаги оқ ва тўқ кул ранг Geely Emgrand’дан фойдаланилган.
Аввалроқ Финляндияда автомобилни бир мил масофага итариб бориш бўйича янги жаҳон рекорди ўрнатилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)