АҚШнинг Техас штати шимоли-шарқидаги Форт-Уэрт шаҳридан ўтувчи трассада содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида камида 130 та машина тўқнашди. Ҳалок бўлганлар сони олти кишига етди ва яна 36 киши турли даражадаги жароҳатлар билан касалхоналарга ётқизилди. Бу ҳақда CNN маълумотига таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: CNN

Хабарга кўра воқеа магистрал йўлни муз қоплаши оқибатида содир бўлган. Йирик автоҳалокат юз берган трасса икки томонга ҳам тўсиб қўйилган.

Тез ёрдам хизматининг хабар беришича, бир неча жабрланганлар оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Ёнғин хизмати бошлиғининг сўзларига кўра, аварияга учраган фуқароларнинг аксарияти қутқарилиб, эвакуация қилинган. Мутахассислар ҳар бир машинада одам бор ёки йўқлигини текшириб чиққан.

NBC телеканалининг хабар беришича, об-ҳаво шароити туфайли йирик йўл-транспорт ҳодисалари штатнинг бошқа ҳудудларида ҳам содир бўлган. Уларда камида уч киши ҳалок бўлган.