Австралиялик олимлар тиббиёт ниқобларини майдалаш ҳамда биноларни бузишда ҳосил бўлган бетонларни қайта ишлаш орқали йўл қурилишида фойдаланса бўладиган янги материални яратди, деб хабар беради «Korrespondent.net».
«Икки полосали бир километрлик йўл қуриш учун 3 миллион дона ниқоб керак бўлади. Бу 93 тонна чиқиндининг ташлаб юборилишининг олдини олишга хизмат қилади», — дейилади лойиҳа изоҳида.
Йўл қуришда фойдаланиш мумкин бўлган янги материал Мельбурн қироллик технология институти тадқиқотчилари томонидан яратилган. Ушбу материал таркиби — майдаланган бир марталик ниқоблар ва қайта ишланган қурилиш чиқиндилари.
«Гап шундаки, бир марталик ниқоблар таркибида пластик мавжуд, жумладан, қийин парчаланадиган полипропилен. Ниқоблардаги полипропилен толалари шағаллар орасидаги зарраларнинг ўзаро боғланишини кучайтириб, йўлнинг мустаҳкамлигига хизмат қилади», — дейди тажриба раҳбари профессор Жи Ли.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, мазкур қоришма қурилишга кетадиган сарф-харажатларни 30 фоизга қисқартиришга ёрдам беради. Карьердан бетон қазиб олиш учун тоннасига салкам 50 доллар сарфланади, қайта ишланган бетон эса 26 доллар атрофида. Ниқобларни йиғиш ва дезинфекция қилишга кетадиган харажатлар тоннаси учун 32 доллардан 78 долларгача бўлади.
Изоҳ (0)