Ўзбекистонда энди ўзини ўзи банд қилган фуқаролар Soliq мобил иловаси орқали бепул рўйхатдан ўтиши ва Click ҳамда Payme иловалари орқали ижтимоий солиқни ихтиёрий тўлашлари мумкин. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси ахборот хизмати маълум қилди.
«Ўзини ўзи банд қилган фуқароларни соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилиш мумкин бўлган фаолият турлари 23 тадан 67 тага кенгайтирилди. Эндиликда норасмий секторда банд бўлган фуқароларнинг фаолияти легаллаштирилади. Мобил илова (Soliq иловаси) орқали рўйхатдан ўтиш бепул қилиб қўйилди.
Ўзини ўзи банд қилган фуқароларни ҳисобга олиниши, банд аҳоли нима иш билан шуғулланаётганлигининг ҳисоби яратилади, яъни қанча фуқаро сартарош, этикдўз, аравакаш, тикувчи, бозорда кунлик даромадга эга бўлганларни аниқлаш имконини беради.
Таъкидланишича, Ўзбекистон фуқаролари томонидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ихтиёрий тартибда тўланган ҳисобот даври бир йиллик иш стажига ҳисобланади.
Юқоридаги йўналишлар бўйича фуқаролар томонидан тўловларни амалга ошириш истаги бўлса, Click ва Payme мобил иловалар ёки жойлардаги банкларнинг махсус кассалари орқали тўловларни амалга ошириш мумкинлиги маълум қилинган.
Аввалроқ Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Ўзбекистондаги киракашлар нега ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилмаганига изоҳ бергани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)