Ганада бир-бирига қарама-қарши йўналишда келаётган икки автобус тўқнашиб кетди. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 17 киши ҳалок бўлган, 44 нафар одам турли даражадаги жароҳатлар олган. Бу ҳақда Sinhua агентлиги маҳаллий полиция баёнотига таяниб хабар тарқатган.

Фото: The Independent

Тўқнашув 3 февраль куни тонгда Кумаси ва Тамале шаҳарлари ўртасидан ўтган Буйпе аҳоли яшаш масканидаги автотрассада содир бўлган. Полиция берган ахборотга кўра, ЙТҲдан кейин 16 нафар йўловчи воқеа жойида, бир нафари эса шифохонада вафот этган.

Жароҳатланганлар воқеа жойига яқин ерда жойлашган шифохоналарга ётқизилган. Полиция ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини бошлаб юборган.

Ганада микроавтобуслар ҳамда автобуслар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлиб туради. Бундай аянчли авариялар кўпинча транспорт воситаларининг техник ҳолати ёмонлиги ёки ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларига риоя этмаслиги оқибатида юзага келади.

Аввал Африканинг бошқа бир давлати – Камерунда юк машинаси ва автобус иштирокидаги ЙТҲ оқибатида 53 киши ҳалок бўлгани, 29 киши жароҳат олгани хабар қилинганди.