Бухорода Tico ҳайдовчиси ЙПХ ходимига бўйсунмай, уни судраб кетгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилди. ЙҲХББ иш юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, ҳолат Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганилган бўлиб, аниқланишича, 29 январь куни соат 15:30 ларда Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи томонидан тасдиқланган қайднома асосида ЙПХ катта инспектори, кичик сержант Ш.Р. Вобкент тумани ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хизматга жалб қилинган.
Туманнинг «Ўба Кулолон» маҳалласи Кулолчи кўчасида фуқаро М.С. таниши Н.А.га тегишли бўлган Tico русумли автомобилда светофорнинг қизил чироғига тўхтамасдан ҳаракатланиб келгани сабабли ЙПХ инспектори йўлнинг қатнов қисмига чиқиб, ҳайдовчига тўхташ ишорасини кўрсатган.
Фуқаро М.С. ЙПХ инспектори турган йўналишда бошқаришни давом эттириб, содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида автомашинани тўхтатмасдан, ходимга жуда яқин масофага қадар бошқариб борган.
Оқибатда ходим йўл чеккасига қочишга улгурмасдан, автомашина капоти устига чиқиб қолган. Ҳайдовчи эса ҳаракатланишда давом этиб, қисқа вақт давомида ЙПХ инспекторини транспорт воситаси капотида устида олиб юриб, сўнгра тўхтатган.
«Мен ҳужжатсиз автомашинани бошқарганим сабабли уни жарима майдонига қўйишларидан қўрқиб ҳаракатни давом эттирдим. Бошқа ёшларга ҳам илтимос қиламанки, бундай хатони такрорлашмасин», – дейди ҳайдовчи.
ЙПХ инспектори ҳолат юзасидан қуйидагича изоҳ берди:
«Вобкент тумани иккинчи сон мактаб олдида пиёдалар хавфсизлигини таъминлаб турган вақтимда амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 31-бандини, яъни светофорнинг тақиқловчи чироғида ҳаракатланиб келган Tico русумли машина ҳайдовчисига тўхташ ишорасини бердим. Ҳайдовчи менинг қонуний талабимга бўйсунмай, устимга автомобилни ҳайдаб келди.
Мен қочишга улгурмадим ва автомашина капотига илиниб қолдим. Шундан сўнг ҳайдовчи мени тахминан 50-60 метрларга судраб кетди. Автомашина тўхтатилгандан кейин ҳайдовчига қонуний чора кўрилди. Автомашина жарима майдончасига киритилди», – дейди инспектор.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик кодексининг 128-моддаси 1-қисми (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) 135-моддасининг 2-қисми (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 180-моддаси (судга ҳурматсизлик қилиш) ва 194-моддасида (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) белгиланган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилди ҳамда 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Аввалроқ Тошкентда маст ҳолда автомобиль бошқариб, ЙПХ ходимлари билан жанжал уюштирган собиқ депутат жаримага тортилгани, Самарқандда ЙПХ ходимларига пора беришга уринган ҳайдовчилар қўлга олингани ҳамда Шаҳрисабзда ЙПХ ходими одам уриб юборгани ҳақидаги хабар асоссиз экани айтилиб, воқеа иштирокчилари ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди.