Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида катта миқдорда пенсия ва нафақа пулларини талон-торож қилган банк ходими аниқланди, дея «Дарё»га хабар бермоқда Бош прокуратура.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан «Халқ банки» Мирзо Улуғбек филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.
Текширувда филиалнинг сайёр касса ҳисобчи-назоратчиси Т.Т. 2020 йилнинг сентябрь ойидан 2021 йилнинг январь ойига қадар бўлган даврда ўзига ишониб топширилган жами 170 миллион сўм пенсия ва нафақа пулларини эгаларига тарқатмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Т.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда мактаб қурган фирманинг раҳбарлари 631,7 млн сўм маблағни талон-торож қилгани аниқлангани, Чилонзорда омборхонага икки марта кириб, жами 45 млн сўмлик аёллар оёқ кийимини ўғирлаган шахс ушлангани ҳамда Тошкентда мактаблардаги техникаларни ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)