Нидерландияда 1915 йилда қурилган 34 метрли сув минорасида ҳозирда икки оила истиқомат қилмоқда. Transformation Watertower Nieuw Lekkerland номини олган лойиҳа доирасида ташландиқ миноранинг ташқи ва ички кўриниши буткул ўзгарган, деб ёзади Hi-Tech.Mail.ru.
Хусусан, минорадаги учта қават олтитага айланган. Диаметрли 9 метрга тенг маконда клаустрофобия юзага келмаслиги учун катта деразалар ўрнатилган — улар жуда баландда жойлашгани сабаб атрофдаги ажойиб майдон ҳамда ўрмонни кузатиш мумкин.
Маълумотларга кўра, минорани 2012 йилда амакиваччалар 200 минг еврога сотиб олган. Улар болалигидан унинг мавжудлигини билган ва тез-тез минорада ўйнаб юришган, шу сабабли сотувга қўйилиши билан минорани сотиб олиб, ташландиқ «қалъа»да ҳақиқий уй қуриш борасидаги орзуларини амалга оширишга киришган.
Минорани уйга айлантириш учун яна 200 минг евро сарфлашга тўғри келгани айтилмоқда. Барча ишлар RV Architectuur компанияси томонидан амалга оширилган.
Изоҳ (0)