Умумтаълим мактабларида ўқитувчиларнинг сони ва улар бераётган таълим сифати таҳлил қилинганида мактаблар таълим берадиган эмас, иш берадиган муассасага айланиб қолган, деган хулосага келинган. Бу ҳақда 16 январь куни халқ таълими вазири Шерзод Шерматов «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг умумий ўрта таълимга оид қисми ижроси юзасидан Олий Мажлис Сенатига берган ахборотида маълум қилди.

Шерзод Шерматов

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати

«Айрим умумтаълим мактабларининг бошланғич таълимида бир ставкалик иш ўрнида 3-4 нафар ўқитувчи дарс бераётгани аниқланган. Қоида бўйича бир ставкада бир нафар ўқитувчи дарс бериши керак. Сифат таркибини таҳлил қилсак, биринчи тоифа тўлиқ ставкада ишлаяпти, лекин тоифасиз ва ўрта махсусни қарайдиган бўлсак, битта ставкага икки-учтагача ўқитувчи ишлаб келмоқда», – деди Шерзод Шерматов.

Вазирнинг айтишича, мактабларга ўқитувчи олишда кўпроқ олий тоифали мутахассисларни жалб этиш ва уларнинг сонини кўпайтириш вазифаси қўйилган.

Эндиликда ўқитувчи мактабга ишга жойлашиш учун мактаб маъмурияти ёки бошқа мутасаддиларга мурожаат қилмайди. Яъни бунинг учун онлайн платформа яратилган бўлиб, унга бўш (вакант) жой учун ариза топширади ва тегишли тартибда кўриб чиқилганидан сўнг ишга қабул қилинади. Бу эса тизимда шаффофликни таъминлайди ва турли хил бюрократик тўсиқларни камайтиради.

Тадбирда таълим сифати паст бўлган ҳудудлар ҳам эътиборга олиниб, Самарқанд, Қашқадарё ва Жиззах вилоятлари таълим бериш сифати энг паст кўрсаткичда, деб баҳоланган. Хусусан, таълим сифати паст мактаблардаги директорларнинг ўз лавозимида қолиши масаласи қайта кўриб чиқилиши айтиб ўтилди.

«Яна бир масала – ўқитувчиларнинг билими ва сифатини ошириш учун бир йилда 4 марта имтиҳондан ўтказишимиз керак. Бу билан билимли ўқитувчиларнинг қўшимча тоифа олиш имконияти ҳам кўпаяди. Бу эса жойларда таълим сифатининг ошишига ўзининг ижобий ҳиссасини қўшади», – деди Шерзод Шерматов.