Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари Когон шаҳар сектор раҳбарлари фаолияти танқид қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
«Афсуски, жойлардаги ўрганишлар ёшлар ўртасидаги муаммоларни аниқлаш ва тизимли ҳал этиш борасида ҳалигача кўплаб камчиликлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Мисол учун, Когон шаҳар 2-сектор раҳбари – шаҳар прокурори ёшлар билан учрашувда уларнинг 3 нафарини бир ҳафта муддатда иш билан таъминлайман деб, ваъда берган. Лекин орадан бир ой вақт ўтган бўлса-да, натижа йўқ.
Когон шаҳридаги қолган сектор раҳбарлари ҳам маҳаллаларга тушиб ишламаяпти. Бунинг устига, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ёки тадбиркорликка жалб қилиш ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти учун кредит ажратишда ҳам кўплаб муаммолар сақланиб қолмоқда. Мисол учун, ўтган йили ёшлар тадбиркорлиги учун 3 та йирик банкка (Ипотека, Агробанк ва Саноат қурилиш банк) келиб тушган 13 мингта мурожаатнинг 32 фоизи ижобий ҳал этилган, холос. Афсуски, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда ҳам тизимли муаммолар мавжуд. Аксарият маданият марказлари, истироҳат боғлари ва спорт комплексларининг моддий-техник базаси қониқарсиз, тўгараклар номига ишлаяпти», – деди Президент.
Давлат раҳбари Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповга Когон шаҳар сектор раҳбарларини ишдан олиш бўйича топшириқ берди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги 18-30 ёшлилар орасидаги расмий ишсизлар сонини маълум қилгани ҳамда бош вазир ва администрация раҳбаридан рухсат сўрамай мажлис ўтказган амалдор ишдан олинишини таъкидлагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)