22 январь куни Транспорт вазирлигида Эроннинг Zagros Airlines авиакомпанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ва Zagros Airlines авиакомпаниясининг Ўзбекистондаги бош вакили Мортеза Шейхассани ўзаро мулоқотда икки давлат ўртасида мунтазам ҳаво қатновларини қайта тиклаш масаласини муҳокама қилган.
Шунингдек, авиакомпания вакиллари йўналишлар географиясини кенгайтириш, транзит салоҳиятини ривожлантириш ва парвозлар сонини ошириш бўйича қатор таклифларни билдирган.
«Zagros Airlines авиакомпанияси Эроннинг турли шаҳарларидан Самарқанд ва Бухорога авиарейслар қўйиш истагида эканлигини маълум қилди», — дея таъкидланади хабарда.
Аввалроқ, 2020 йилнинг ноябрида Эроннинг Ўзбекистондаги янги элчиси икки мамлакат фуқаролари учун визаларни бекор қилишни таклиф қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Эроннинг Zagros Airlines авиакомпанияси томонидан Теҳрон—Тошкент—Теҳрон йўналишидаги илк мунтазам авиарейс 2019 йилнинг декабрида амалга оширилган эди. Ўшанда Эрон авиакомпанияси дастлабки босқичда мазкур йўналишдаги парвозларни ҳафтасига бир марта бажариши, кейинчалик парвозлар мунтазамлиги ҳафтасига икки мартага етказилиши режалаштирилган эди.
Изоҳ (0)