Ўзбекистондаги ноқулай об-ҳаво шароити сабаб баъзи ҳудудларда электр таъминотида узилишлар кузатилаётган эди. «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси матбуот хизмати маълум қилишича, электр таъминотидаги камчиликлар бартараф этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, об-ҳаво шароити туфайли 110 киловатт кучланишли 10 дан ортиқ ҳаво узатиш линиялари ва 35 киловатт кучланишли 4 та электр узатиш линияларида, шунингдек, 6-10 киловатт кучланишли 210 дан ортиқ линияларда узилишлар юз берди. Электр таъминотидаги узилишлар 550 мингдан ортиқ истеъмолчига таъсир кўрсатди.
Тармоқларда содир бўладиган авариявий ўчишларни тезкор бартараф этиш мақсадида «Ҳудудий электр тармоқлари» томонидан ҳудудларда жами 481 та тезкор авариявий чиқиш бригадалари ҳамда уларга 378 та махсус авариявий чиқиш машиналари ва махсус техникалар сафарбар этилган.
«Ўзгидромет»нинг «Gazeta.uz»га хабар беришича, 22 январь куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида тезлиги 17-22 метр/секундгача бўлган кучли шамол кузатилган. Жиззах, Сурхондарё вилоятлари ва Фарғона водийси ҳудудларида шамолнинг тезлиги 25-30 метр/секундга етган. Марказнинг қайд этишича, бундай кучли шамол кўпинча электр симларининг узилишига олиб келади.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 22 январь куни қор бўрони кузатилди. Қор ва кучли шамол Бухоро, Андижон ва Хоразм вилоятларининг бир қатор туманларини чироқсиз қолдирган.
Изоҳ (0)