Интернетда Mercedes-AMG C63 S эгаси автомобили шинасини жойида турган ҳолда қиздириб, тутатишга урингани тасвирланган видео тарқалди. Бироқ бу кутилганидек натижа бермаган ва спорт купеси ёниб кетган, деб ёзади Motor.
Кўнгилсиз ҳодиса Австралиянинг Жанубий Уэльс штатидаги тўйда содир бўлган. Қора Mercedes-AMG C 63 S эгаси тўпланган меҳмонлар қаршисида ажойиб «бернаут» уюштиришга қарор қилган, бироқ нотўғри ҳаракат сабаб машина ёниб кетган.
Маросимга ташриф буюрган ҳеч кимга, жумладан, ҳайдовчига ҳам жароҳат етмаган. Бироқ олов йўлнинг ҳаракатланиш қисмига ҳам ўтиб, атрофдаги автомобилларга ҳам шикаст етказишига бир бахя қолган. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчириш хизмати ходимлари оловни ўчиришга муваффақ бўлган, бироқ Mercedes’ни сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Натижада омадсиз уриниш сабаб купе тўлиқ ёниб кетган.
Спорткар эгасининг омадсизлиги шу билан тугамаган. Полиция ходимлари ундан ёнғин нима сабабдан юзага келганини сўрашганида эркак ҳаракат вақтида ёниб кетди деган. У суғуртадан фойдаланиш учун шундай жавоб берган. Бироқ кейинроқ полициячилар спорткар эгаси ёлғон сўзлаганини исботловчи бир нечта видеороликларни топиб олган. Эндиликда 510 от кучига эга бўлган Mercedes-AMG C63 S эгасини суд кутмоқда.
Изоҳ (0)