«Милан» клуби хорватиялик ҳужумчи Марио Манжукич билан шартнома имзолаганини маълум қилди.

Фото: «Милан»

Манжукич миланликлар билан 2020/21 йилги мавсум сўнгига қадар келишувга имзо чеккан. Шартномани натижаларга қараб 1 йилга узайтириш имконияти бор. Марио янги жамоасида 9-рақам остида ҳаракат қилади.

Хорватиялик футболчи профессионал футболчилик фаолиятини 2004 йил «Марсония» клубида бошлаган. Кейин эса «Загреб» ва Загребнинг «Динамо»сида ҳаракат қилган. 2010 йилда Германияга кўчиб ўтган. У ерда «Вольфсбург» (60 та ўйин, 20 та гол) ва «Бавария» (88 та ўйин, 48 та гол) шарафини ҳимоя қилган. 2014/15 йилги мавсум Мадриднинг «Атлетико»сида (43 та ўйин, 20 та гол) ўйнаган. Кейин «Ювентус»га ўтиб, туринликлар сафида 5 мавсумда 162 та ўйинда иштирок этиб, 44 та гол урган. 2020 йил январида эса Қатарнинг «Ал-Дуҳайл» клубига ўтган. 2020 йил июлидан эркин агент мақомида эди.

Манжукич фаолияти давомида 24 та жамоавий соврин ютган. Марио Хорватия терма жамоаси тарихидаги иккинчи рақамли энг яхши тўпурар ҳисобланади. Унинг ҳисобида терма жамоа либосида 89 та ўйинда урилган 33 та гол мавжуд.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!